Жаҳон | 08:04 / 24.08.2022
24804
3 дақиқада ўқилади

Украина элчиси руслар ҳақидаги сўзлари учун Қозоғистон ТИВга чақиртирилди

Украиналик дипломат Петр Врублевский Қозоғистон ТИВга чақиртирилиб, унинг дипломатик вакиллик даражаси аввалроқ айтган гапларига тўғри келмаслиги маълум қилинди.

Фото: РИА Новости

Украина элчиси Петр Врублевский 23 август, сешанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига унинг қозоғистонлик блогер Диас Кузаировга берган интервьюсидаги баёнотларидан сўнг чақиртирилди. Дипломатнинг айтишича, Украинанинг мақсади - имкон қадар кўпроқ русларни ўлдириш. 

«Қозоғистон томони бундай баёнотлар қабул қилиниши мумкин эмаслиги ва хорижий давлат элчиси фаолиятига мос келмаслиги борасида ўз позициясини билдирди. Бундай ҳаракатлар давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга путур етказмаслиги керак», — дейилади Қозоғистон ТИВ сайтидаги хабарда. 

Ижтимоий тармоқларда Врублевскийнинг интервьюсидан бир парча акс этган видео кенг тарқалди. «Биз ҳозир русларни қанчалик кўп ўлдирсак, бизнинг болаларимиз камроқ уларни ўлдиришига тўғри келади», деди дипломат унда. Унга кўра, Украина «имкон қадар кўпроқ русларни ўлдирмоқчи». 

Республика президенти ҳузуридаги маслаҳат органи бўлган Қозоғистон халқ ассамблеяси элчининг баёнотини қоралади. «Тинчлик ва ҳамжиҳатлик давлат сиёсати ва жамиятни мустаҳкамлашнинг асосий тамойиллари бўлган мамлакатимизда бундай баёнотлар кимдан чиқишидан қатъи назар, қабул қилиб бўлмайдиган ва номақбулдир», — дейилади ассамблея баёнотида. 

Россия Тергов қўмитаси сайтида 22 август куни идора раиси Александр Бастрикин қўмита марказий аппаратига «қўзғатилган жиноят ишлари доирасида» Врублевскийнинг сўзларига ҳуқуқий баҳо бериш вазифасини топширгани ҳақида хабар эълон қилинди. Бу иш аллақачон қўзғатилганлигини англатадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. 

Айни пайтда, бир неча кун аввал Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотларда доимий вакили Михаил Улянов Австрия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган эди. Бунга унинг Twitter’даги шов-шувли баёноти сабаб бўлган. «Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ», деб ёзган россиялик дипломат твитда. 

Улянов геноцидга чақираётгани ҳақидаги танқид ва айбловларга жавобан ўз қадамини фақат Украина президенти Володимир Зеленскийга муносабат сифатида тушунтирди, унда Украина раҳбари АҚШга ўз мамлакатига тақдим этилган ҳарбий ёрдам учун миннатдорчилик билдирганди.

РФ доимий вакилининг сўзларига кўра, Россия билан можарони дипломатик йўл орқали ҳал қилишни рад этиб, фақат ғарб қуролларини тўплашга эътибор қаратган ҳолда, Украина ҳукумати ўз аҳолиси ҳақида қайғурмаяпти - шунинг учун у ўз твитини эълон қилган, кейинчалик уни ўчириб ташлади. 

Мавзуга оид