Жаҳон | 08:00 / 24.08.2022
8772
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Ўт очишни тўхтатиш учун ҳеч қандай шароит йўқ

Украина президенти сўзларига кўра, Киевнинг позицияси шундан иборатки, «Минск-3» ёки «Минск-5» бўлмайди. «Бу тузоқ, биз давлатимизнинг жанубисиз қоламиз», деди Зеленский DW саволига жавобан.

Фото: AFP

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг таъкидлашича, ҳозирда Россия бошлаган уруш давомида ўт очишни тўхтатиш учун шароит йўқ. «Қрим платформаси» якунлари ва Мустақиллик кунига бағишланган матбуот анжуманида у 23 август, сешанба куни DW’нинг урушни қишгача тугатиш мумкинми деган саволига жавоб берар экан, шундай деди: «Биз ўт очишни тўхтатиш масаласига ўтишимиз ва РФ билан гаплашишимиз кераклигига ишоралар ва сигналларни тушундик. Ҳозирги шароитда ўт очишни тўхтатиш режимига тайёр эмасмиз».

Украина раҳбари сўзларига кўра, Киевнинг бундай сигналларга жавобан позицияси «Минск-3», «Минск-5» ёки 7 бўлмаслигидан иборат: «Биз бу ўйинларни ўйнамаймиз, ҳудудларимизнинг бир қисмини йўқотдик. Чунки бу - тузоқ, биз давлатимизнинг жанубисиз қоламиз». 

Володимир Зеленскийга кўра, бир неча йил ичида, «баъзи шартлар» қўйилгач, Украина денгизга чиқиш йўлини йўқотади, «ҳеч нарсасиз қолади». Шундан сўнг, унинг фикрича, рус қўшинлари «бир йилдан кейин айланиб келиб, Николаевга, Одессага боради». «Кейин улар яна, масалан, пойтахтимизга келишни хоҳлаб қолади. Шунинг учун, Украина фақат РФни тинчлантириш учун қўшинлар турган жойда вазиятни барқарорлаштириш ҳақида ўйламаяпти», деди у.

Украина президенти Мариуполдаги «Азовстал» заводида таслим бўлган украиналик ҳарбийлар билан боғлиқ вазият қандай ривожланаётгани, уларнинг алмашиш эҳтимоли қандай деган саволга ҳам жавоб берди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳозиргача 144 киши қайтарилган, аммо бу фақат «расмий қисм». «Норасмий равишда қайтиб келганлар ҳам бўлди», дея қўшимча қилди президент. Зеленский Украина томонидан ким ва қандай қилиб ҳарбий асирларни алмашиш билан шуғулланаётгани, «натижа бўлганда» батафсил маълумот беришга ваъда қилди.

Украина раҳбарининг яна бир бор эслатиб ўтишича, ҳарбий асирларга нисбатан «синов ёки даҳшатли қадамлар»га ҳар қандай уриниш «ҳар қандай дипломатияни унутиб қўйишга» олиб келади.

Мавзуга оид