Дунё фуқаро авиациясида жуда кўп ҳалокатлар содир бўлган. 1985 йилда Японияда содир бўлган Japan Air Lines’га қарашли Boeing 747 ҳалокати улар орасида ажралиб туради. Мазкур ҳалокат битта самолёт билан содир бўлган ҳалокатлар орасида энг йириги ҳисобланади.
Бу ҳодисада 506 нафар йўловчи ва 14 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Фақат икки нафар ёш қизча, бир нафар йўловчи аёл ва бир нафар стюардесса тирик қолади.
Энг кўп одам ўлган авиаҳалокатлар умумий рўйхатида Japan Air Lines’га қарашли Boeing 747 ҳалокати 4-ўринни эгаллайди. Ундан олдинда 2011 йилда АҚШда террорчилар томонидан олиб қочилган иккита самолёт ҳалокати ва 1977 йил 27 март куни Нидерландиянинг KLM ва АҚШнинг Pan Amerikan авиакомпанияларига тегишли самолётларнинг ўзаро тўқнашган ҳодисаси жойлашган.
Boeing 747 ҳақида
Boeing 747 самолётининг лойиҳаси ўтган асрнинг 60-йилларида тайёрланган бўлиб, унинг илк парвози 1969 йилда амалга оширилган. Орадан беш йил ўтиб, 1974 йилдан бошлаб Boeing 747 самолётларини мижозларга етказиб бериш бошланган.

Boeing 747 самолётлари 1969 йилдан 2020 йилгача ўндан ортиқ модификацияларда 1570 дона ишлаб чиқарилган. Бу турдаги самолётлардан энг кўп Atlas Air авиакомпаниясида 50 дона, UPS Airlines 39 дона, Люксембургнинг Cargolux авиакомпаниясида 30 дона, Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясида 27 дона бўлган.
1970-йилларда Boeing 747 самолётларининг нархи 1970-йилларда 35-40 миллион, 2007 йилда эса 228-260 миллион долларни ташкил этган.
Boeing 747 самолётлари узоқ масофаларгача тўхтовсиз уча олиши билан қулай бўлган. Масалан, 1989 йилда Австралиянинг Qantas Airways авиакомпаниясига тегишли, салонида йўловчилар бўлмаган Boeing 747 Лондондан Сиднейга 18 минг километр масофани тўхтовсиз учиб борган. Мазкур парвоз Boeing самолётлари орасида рекорд ҳисобланади.
Японияда ҳалокатга учраган Boeing 747 самолёти Japan Air Lines’га Boeing компанияси томонидан махсус буюртма асосида ясаб берилган ва авиакомпания уни илк мижозларидан бири сифатида 1974 йилда қабул қилиб олади.




















