13 июл куни Евгений Ройзман Twitter саҳифасида мухолифатчилар Илья Яшин, Владимир Кара-Мурза ва Андрей Пивоваров билан бирга тушган суратини жойлаштиради. «Биргина мен озодликдаман», деб ёзганди у.

Бу вақтга келиб, Яшин ва Кара-Мурза «армия ҳақидаги фейк хабар тарқатиш» иши бўйича ҳибсга олинган, Пивоваров устидан эса «номақбул ташкилот» билан ҳамкорлик қилгани бўйича ҳукм чиқарилиши арафасида эди.

Ушбу твитдан бир ойдан ортиқ вақт ўтиб, 24 август куни эрталаб ниқобли полиция ва махсус кучлар ходимлари собиқ мэрнинг уйини тинтув қилиш учун боришди, кейин уни олиб кетишди.

«Россияда қолган, урушга ва Путинга қарши бўлган сўнгги таниқли сиёсатчи қўлга олинди», дея изоҳ берди Навальнийнинг сафдоши Иван Жданов.

Евгений Ройзманнинг Twitter саҳифасидан

Сиёсатчига нисбатан «Россия Қуролли кучларини обрўсизлантириш» моддаси бўйича жиноят иши очилган. Ушбу янги модда Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Дума томонидан тасдиқланганди. Жиноят иши айнан шундай хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлика тортилгандан кейин очилади.

Гиёҳвандликка қарши курашчи

Евгений Ройзман 1962 йилда Екатеринбургда туғилган. Отаси Уралмашзаводда энергетик, онаси болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган. Унинг бобоси ва бувиси Украинадан Уралга кўчиб боришганди.

Ройзманнинг ўзи кўплаб интервьюларида ёмон ўқигани ва бир неча марта мактабни алмаштирганини айтади. Ўсмирлик чоғида у отаси билан жанжаллашиб, оилани тарк этган. Кейинчалик колонияга тушиб қолган: 17 ёшига етар чоғида ўғирлик, фирибгарлик ва совуқ қуролни ноқонуний сақлашда айбланиб, шартли равишда жазога тортилган. Аммо жазо шартларини бузгани сабабли, шартли ҳукм ҳақиқий ҳукмга айланган.

2017 йилда берган интервьюсида Ройзман ўзининг жиноий ўтмиши сиёсий амбицияларига халақит бермаганини айтди. «Аксинча, ёрдам беради. Мен Давлат думаси депутати бўлдим, област қонунчилик кенгашида ишладим, шаҳар раҳбари бўлдим ва ҳеч қачон [қамалиб чиққанимни] яширмадим», деб ҳазиллашди у.

Озодликка чиққач, Ройзман «Уралмаш» заводига чилангар бўлиб ишга киради ва у ерда бир йилга яқин ишлайди. «Уралмаш» жиноий гуруҳи раҳбарларидан бири Александр Хабаров билан дўстлашиб қолади.