15:32 / 30.08.2022
9708

Кремлни танқид қилган Екатеринбург собиқ мэри Ройзманга қарши янги жиноий иш тайёрланмоқда - ОАВ

Екатеринбург собиқ мэри терроризмни омма олдида оқлаганликда айбланиши мумкин. Бу жиноят беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фото: 66.ru

Екатеринбургнинг собиқ мэри Евгений Ройзман янги жиноий иш бўйича айбланувчига айланиши мумкин - Ички ишлар вазирлиги бунинг учун зарур материалларни аллақачон тўплаган, деб хабар берди 66.ru интернет-нашри 30 август, сешанба куни манбаларга таяниб. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, Ройзман «терроризмни ошкора оқлаш»да айбланиши мумкин (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-2-моддаси — беш йилгача қамоқ жазоси). Янги иш бўйича фактларни Москва терговчилари сиёсатчининг Twitter’даги постлари ва YouTube'даги баёнотлари асосида йиғишган. 

Манбалардан бири - Свердловск полиция бошқармаси ходимининг айтишича, минтақавий бошқармада янги иш қўзғатиш учун материаллар бор, бироқ улар «ишга солинмаяпти». Унинг фикрича, Ройзманнинг иши «жиноятнинг ҳақиқий таркиби билан бирга, сиёсий ҳисобланади». Манбанинг таъкидлашича, жорий йилда Ройзманни икки марта «хорижий агент» деб эълон қилишга уринишган, бироқ иккала уриниш ҳам муваффақиятсизликка учраган. 

Екатеринбургнинг собиқ мэри Евгений Ройзман 24 август куни Россия армиясини «обрўсизлантириш»да айбланиб (Жиноят кодексининг 280-3-моддаси 1-қисми — уч йилгача қамоқ жазоси) қўлга олинди. Ушбу моддага кўра, аввалроқ армияни «обрўсизлантириш» бўйича маъмурий модда бўйича айбдор деб топилган шахслар терговга жалб этилади. Ройзман аллақачон ушбу модда бўйича уч марта жами 150 000 рубл миқдорида жаримага тортилган. 

Жиноий иш қўзғатилишига Ройзманнинг Украинадаги уруш ҳақида гапирган YouTube видеоси сабаб бўлган. Тергов маълумотларига кўра, сиёсатчи «сиёсий вазиятни беқарорлаштиришни» ва «салбий кайфиятни шакллантиришни истаган». 

25 август куни суд Ройзманга нисбатан қамоққа олмасдан, айрим хатти-ҳаракатларини тақиқлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади. Сиёсатчига жамоат жойларига бориш ва интернетдан фойдаланиш тақиқланган. 

Top