Жаҳон | 10:39 / 24.08.2022
9511
2 дақиқада ўқилади

Екатеринбургда Кремлни танқид қилган собиқ мэр Евгений Ройзман қўлга олинди 

Россияда энг машҳур минтақавий сиёсатчилардан бири ва ҳокимиятнинг қатъий танқидчиси Ройзман «Россия армияси ҳақидаги фейклар тарқатиш»да айбланмоқда. Унга беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Евгений Ройзман / Фото: egd.ru

Екатеринбургда 24 август, чоршанба куни эрталаб Россиядаги энг машҳур минтақавий сиёсатчилардан бири, ушбу шаҳарнинг собиқ мэри Евгений Ройзман қўлга олинди. Ройзманнинг ёрдамчиси Лайло Ҳусайнова маҳаллий E1.ru нашрига берган интервьюсида унинг шахсий Невянск бути ва фонди музейи биноларида тинтувлар бошланганини маълум қилди.

Сиёсатчининг ўзи ўша нашрга унга нисбатан ЖК 280-моддаси 3-қисми - Россия армияси ҳақида «фейклар»нинг оммавий тарқатилиши бўйича иш очилганини айтди. У Москвада кўриб чиқилмоқда. Ройзман жамғармаси ТАСС’га тинтувлар ҳақидаги маълумотни тасдиқлади ва мухолифатчи сиёсатчининг квартирасида ҳам худди шундай чоралар кўрилаётганини маълум қилди. 

Mash Telegram-каналига кўра, Ройзман полиция махсус кучлари томонидан қўлга олинган. У эълон қилган видеоларда камуфляждаги қуролланган одамлар бинога югуриб келиши ва ўзини полиция ходимлари сифатида таништириб, эшикни очишни сўрагани, сўнгра юқори қаватга кўтарилгани ва эшикка яқинлашгани, Ройзманнинг ўзи уларга эшикни очиши тасвирланган. 

Евгений Ройзман Россия расмийларининг ҳаракатлари, жумладан, Украинага қарши уруш билан боғлиқ бўлган кескин баёнотлари билан машҳур. У аллақачон «РФ ҚКни обрўсизлантириш» учун маъмурий иш бўйича уч марта жаримага тортилган. Энди Ройзман беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Мавзуга оид