Екатеринбургдаги уйидан ОМОНчилар томонидан олиб чиқиб кетилаётган Ройзман «Бир оғиз гапим – Украинага босқин, деганим учун иш очишди. Бу ҳақда аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман», дейишга улгурди.

Ройзман россиялик сиёсатчилар орасида урушга қарши эканини айтганлардан энг машҳури эди. Қўшимчасига Екатеринбург собиқ мэри урушга қарши чиқиб озодликда қолаётган кам сонли россиялик машҳурлардан бири бўлиб турганди. Бу ҳақда Ройзманнинг ўзи ҳам гапирган ва қўлга олинган ҳаммаслаклари билан суратни саҳифасига жойлаб, «Биргина мен озодликдаман», деб ёзганди.

Иля Яшин қўлга олингач, айнан Ройзман Россияда бўлатуриб озодликда қолган мухолиф кайфиятдаги энг машҳур россиялик бўлиб турганди. Журналист Яшин ҳам Россия армияси ҳақида фейк маълумот тарқатиш айблови билан қўлга олинган ва унга 10 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда.

Россия армияси ҳақида фейк хабар тарқатиш ва Россия армиясини обрўсизлантириш каби икки модда мамлакат жиноят кодексига уруш бошлангандан кейин киритилди. Россия армиясини обрўсизлантириш бўйича айблов худди шу мазмундаги маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган қоидабузарлик такроран амалга оширилганда қўлланади.

Май ойида Ройзман Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга мурожаати учун 85 минг рубл жаримага тортилган. Ўшанда Лавров «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) АҚШнинг мутлақ гегемонлигига чек қўяди, деганди. Ройзман эса бу гап ҳақида «Шунинг учун ўз мамлакатингизни яксон қилишга қарор қилдингизми?» дея саволли твит ёзганди.

Тонгги соат олтида

Кучишлатар тузилмалар ходимлари Евгений Ройзманнинг фонди офиси ёнида. 2022 йил 24 август
Reuters / Scanpix / LETA

Евгений Ройзманга нисбатан чиндан Россия армиясини обрўсизлантириш айблови билан жиноий иш очилди. Тонгда соат олтида Екатеринбургдаги уйида қўлга олинган Ройзман тезда Москвага олиб кетилди ва 48 соатга қамоққа олингани маълум қилинди.

Ройзман 2013 йилдан 2018 йилгача Екатеринбург шаҳри мэри лавозимида ишлаган. 2003 йилдан 2007 йилгача Думага «Справедливая Россия» партиясидан депутатликка сайланган ҳам. Ройзман ушбу партия раҳбари Сергей Миронов билан ҳам уруш масаласида тортишиб қолган.

Қандай муносабат билдиришмоқда?