Ўзбекистон | 15:41 / 26.08.2022
7131
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ: “Fitch ratings” агентлигининг халқаро кредит рейтингини барқарор сақлаб келмоқда

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Жорий 2022 йилда ҳам “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жаҳонда етакчи “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг “BB-” барқарор халқаро кредит рейтингини қўлга киритди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда Жамият рейтинги B+ (барқарор) бўлган бўлса, 2021 йилда Жамият рейтинги BB- (барқарор) даражасига кўтарилди. Жорий 2022 йилда ҳам Жамият BB- (барқарор) даражасини сақлаб қолди. Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ сўнгги йилларда “BB-” барқарор халқаро кредит рейтингини сақлаб келмоқда.

Бу борада, Жамият рейтинги даражаси Республика суверен рейтинги қаторида эканлигини, ишлаб чиқарувчи ташкилотлар орасида эса 2 йилдан бери ўз мавқеини барқарор ҳолатда сақлаб турганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шуниси маълумки, мазкур йилда берилган рейтинг ўтган молия йилининг таҳлили натижалари, яъни 2021 йилнинг натижалари сарҳисобига берилган баҳо ҳисобланади.

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг нафақат молиявий-иқтисодий бизнес стратегияси ҳолатини ўрганди, балки унга тузилган модел барқарорлиги ҳамда корпоратив бошқарув тизими ва бошқа йўналишларни ҳам чуқур ўрганиб, таҳлил қилди. Жамиятда фаолият юритаётган минглаб ишчи-ходимларнинг меҳнати самараси ва рейтинг агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар, чуқур таҳлиллар ҳамда корхоналар фаолиятининг мустақил баҳоланиши натижасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ республикада ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчилардан бўлиб “Fitch Ratings” халқаро кредит рейтингининг “BB-” даражасини қўлга киритди.

Шу билан бирга, дунёнинг илғор консалтинг компаниялари жалб қилинди. Жумладан, молия соҳасига “Pricewaterhousecoopers”, рақамли трансформация бўйича Россиянинг “X-Holdings”, корпоратив бошқарув ва инвестиция дастурини қайта кўриб чиқиш учун “McKinsey & Company” корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, Жамиятни ривожлантириш бўйича зарурий маслаҳат ва тавсиялар олинди.

Яна бир муҳим жиҳат, Жамиятга киритилаётган инвестиция кўламининг жозибадорлиги ва уни бошқаришдаги салоҳияти, Жамиятнинг кредит елкасини (target laverage) керакли даражада назорат остида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлари самараси мазкур ижобий натижани барқарор сақлаб қолишга хизмат қилди.

Бунинг натижасида, Жамият томонидан 2022 йилда 8 та лойиҳаларни фойдаланишга топширилиши натижасида, қўшимча 178 МВт ишлаб чиқариш қуввати яратилади ҳамда жами ишлаб чиқариш қувватлари ҳажми 2 230 МВт га етказилади.

Мазкур рейтинг даражаси, “Ўзбекгидроэнерго” АЖни жаҳоннинг машҳур инвесторлар бозорларига аниқ ва равшан бизнес стратегиясига, шаффоф молиявий ҳисоботларига ва кучли корпоратив бошқарув тизимига эга биринчи ўзбек ишлаб чиқарувчи корхонаси сифатида танитиб бормоқда.

Қўлга киритилган мазкур ютуқ, келгусида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг иқтисодий барқарорлигини янада оширишга хизмат қилади ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий кредитларни давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш имкониятини беради.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ушбу эришилган ютуқ билан чегараланиб қолмайди, келгуси йилларда рейтинг даражасини янада ошириш ҳамда уни барқарор сақлаб қолиш йўлида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда тизимли равишда давом этади, мамлакатимиз гидроэнергетика соҳаси ривожи йўлида изчил ва жадал фаолиятини давом эттиради.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид