Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 28 январ куни электр энергетикасини 2025-2035 йилларда ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда сўнгги саккиз йилда электр ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етгани, хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли 11,2 гигаваттли қўшимча қувват яратилгани, натижада бу секторнинг генерациядаги улуши 24 фоизга, “яшил” энергия ҳиссаси эса 16 фоизга етгани қайд этилди.
Айтиш жоизки, бу борада мамлакатимизда экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ҳамда мавжуд қувватларни оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан маҳаллийлаштириш доирасида кенг кўламли амалий фаолият олиб борилмоқда.


Жамият томонидан режавий асосда ҳудудларда кичик ва микро шаклдаги янги ГЭСлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
30 январ куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида, Ҳисорак сув омбори қошида янгидан барпо этилган Ҳисорак кичик ГЭСнинг расмий очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.


Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматов, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Муродулло Азизов, Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ҳамда ҳудудий тизим корхоналари мутасаддилари, соҳа мутахассислари, маҳаллий аҳоли ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Муродулло Азизов очиб берди ҳамда юртимизда Президентимиз раҳнамолигида энергетика соҳаси, хусусан, “яшил” энергетика манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини, бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди.












