Писком дарёсида йирик “Мулалак” гидро электр станцияси қурилади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаевга кўра, лойиҳа Хитой банки кредитлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Пудратчи ташкилот ҳам ушбу давлатдан бўлиши мумкин. Боиси Хитой томони тегишли келишувларда шундай талабни қўйган.

 

2024 йилда Ўзбекистонда ГЭСлар орқали 8,2 млрд кWh электр энергия ишлаб чиқарилган. Уни сотишдан тушган пул маблағи эса 4 трлн сўмдан ошган. Умумий олинганда, электр энергия ишлаб чиқариш 2023 йилга нисбатан 20 фоизга юқорилаган. Ўсиш “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфида фаолият кўрсатаётган ГЭСлар сони 77 тага етказилгани билан боғлиқ. Бу ҳақда 27 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида жамият масъуллари томонидан маълум қилинди.

Тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири жамият вакилларидан Чорвоқ сув омбори атрофида ва ундан юқорироқда қурилиши режалаштирилган ГЭСларга кетадиган маблағлар, уларнинг манбалари ҳақида сўради.

Президентнинг 332-сонли қарори бор. Унга асосан давлат улуши 50 фоиз ҳамда ундан юқори бўлган барча ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича техник иқтисодий асоснома ишлаб чиқилади. Ушбу қарорга асосан, у мажбурий равишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги экспертиза марказидан ўтказилади. Ижобий хулоса берилгач, тасдиқ учун ҳукуматга киритилади ҳамда уларни амалга ошириш учун алоҳида қарор қабул қилинади”, дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси ўринбосари Фаррух Нуруллаев.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда Тошкент вилоятида қурилаётган “Писком” ва “Чотқол” ГЭСлари экспертизадан ўтказилган ҳамда ҳукумат ва президент қарорлари қабул қилинган. Ушбу лойиҳаларга киритиладиган инвестицияларни қоплаш муддати ҳисобга олинган. Аммо Нуруллаев молиялаштириш манбаларини очиқламади.

Мен битта нарсани айтиб ўтмоқчи эдим: молиялаштириш манбалари аниқ бўлмаган лойиҳалар бўйича алоҳида қарор қабул қилинмайди. Мана, яқиндагина Писком дарёсида йирик “Мулалак” гидро электр станцияси қурилиши бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Ушбу лойиҳа бўйича экспертиза, келишув жараёнлари тўлиқ ўтказилди. Молиялаштириш манбалари аниқланди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш энди бошланади”, дейди Фаррух Нуруллаев.

Қўшимча қилинишича, “Мулалак” гидро электр станцияси лойиҳасини Хитой банки молиялаштиради. Ҳозир Молия вазирлиги ва Хитой ҳукумати ўртасида келишувларни имзолаш жараёнлари бошланган. Экспертизадан ўтказилиб, тендер эълон қилинади.