Тадбирни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Аппарат раҳбари Суҳроб Ҳамроев очиб бериб, амалга оширилган ишлар ва мос Вазиятлар маркази фаолияти тўғрисида тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берди.

Марказ фаолияти ҳақида соҳадаги бошқа мутахассислар ҳам тўлиқ ва батафсил айтиб ўтишди. Марказ жойлардаги тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаб, АЖ тасарруфидаги жами 6 та сув омбори ҳамда 80 тадан зиёд катта ва кичик ГЭСларни реал вақт режимида мукаммал кузатиш ва таҳлил қилиш имкониятини яратилган.

Шунингдек, чуқур ўрганишлар асосида Жамият тасарруфидаги сув омборларини хавфсиз ишлашини таъминлаб бориш мақсадида барча турдаги назорат-ўлчов қурилмаларига замонавий датчиклар ўрнатилиб, маълумотларни онлайн тарзда юқори аниқликда узатиш, сув омборлари хавфсизлик ҳолатини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳодисаларни электрон тарзда автоматик қайд этишга эришилди. Бунда, Италиянинг нуфузли “SISGEO” компаниясининг жами 1500 га яқин замонавий ва юқори аниқликдаги қурилма ва жиҳозлари (датчиклар) объектларга ўрнатилди.

Бу орқали олинаётган ахборотларнинг ишончлилиги ва тезкорлиги ошиб, сув омборларидаги гидротехника иншоотлари учун ишлаб чиқилган миқдор ва сифат ташхис кўрсаткичлари билан боғлиқ хавфсизлик мезонларини инсон омилисиз онлайн тарзда назорат қилиш, баҳолаш, уларни оператив таҳлил қилиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилди.

Яна бир муҳим жиҳат, амалга оширилган барча рақамлаштириш ва автоматлаштириш чора-тадбирлари асносида, республикамизда биринчи маротаба маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда, сув омборлари учун “Хавфсизлик мезонлари” ишлаб чиқилди. Бунда, сув омборини хавфсиз ишлатиш бўйича мезоний кўрсаткичлар белгиланди. Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарувидаги сув омборларида тўлиқ автоматлаштирилган тизим яратилди.

Бундан ташқари, Германиянинг “Ер тадқиқотлари маркази”нинг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси томонидан ҳудудда сув захираларини аниқлаш, узлуксиз космик кузатувларга асосланган сув захирасини мониторинг қилиш “MODSNOW” дастури тизимда жорий этилди. Бу билан дастурий таъминотда сунъий йўлдошдан олинган фото ва видеосуратлар ёрдамида математик ҳисобларни амалга ошириш орқали қор захирасини катта аниқлик билан ҳисоблаш имкони яратилди.











