Жаҳон | 08:39 / 27.08.2022
14311
2 дақиқада ўқилади

Алиев Лочин шаҳрининг Боку назоратига ўтганини эълон қилди

Лочин шаҳри ҳамда Забух ва Сус қишлоқлари Тоғли Қорабоғни Арманистон билан боғловчи Лочин йўлагида жойлашган. Озарбойжон президенти улар Боку назоратига ўтганини билдирди.

Фото: AA

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, Озарбойжон қўшинлари Тоғли Қорабоғ чеккасидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Лочин шаҳри (арман тилида – Бердзор) ва унга яқин жойлашган икки қишлоқ – Забух (Ахавно) ва Сусга кириб келган. Бу ҳақда у 26 август, жума куни Twitter’да ёзган. 

Лочин Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ўртасидаги асосий бўғин бўлиб хизмат қилган йўлда жойлашган бўлиб, у 2020 йилда уруш тугаганидан кейин Россия тинчликпарвар кучлари назоратига ўтди ва «Лочин йўлаги» деб ном олди. Россия минтақага 2000 га яқин аскарини юборган. 

Москва воситачилигида Ереван ва Боку имзолаган келишувга кўра, ўшанда Лочин тумани Озарбойжон назоратига ўтган. 

Имзоланган сулҳга кўра, уч йил ичида Арманистон Лочинни ундаги йўл билан бирга Озарбойжонга қайтариши керак. Қорабоғлик арманлар эса Арманистонга бошқа йўл орқали бориши белгиланади. Бу йўл ҳали қурилгани йўқ. Боку арманларни бу келишувни бажармасликда айблайди. Чунки йўлнинг Озарбойжон қуриши керак бўлган қисми аллақачон қуриб битказилган.

Мавзуга оид