Жаҳон | 07:43 / 29.08.2022
29428
3 дақиқада ўқилади

Украина «украиналикнинг бош суяги» тасвирланган видео туфайли БМТга мурожаат қилди

Россиялик ёлланма жангчи Игор Мангушев қўлида бош суяги билан стендап уюштирди ва у «Азовстал» ҳимоячисининг «қолдиқлари» эканлигини айтди. Украина БМТга мурожаат қилди. 

Дмитрий Лубинец

Украина парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец россиялик ёлланма жангчи Игор Мангушевнинг ўзи таъкидлаганидек, «Азовстал»нинг ўлдирилган ҳимоячиси бош суягини намойиш этаётган видеоси юзасидан Россиянинг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларини тергов қилувчи БМТ комиссиясига мурожаат қилди. «Мен бу видео ҳақида БМТ Тергов комиссиясининг фактларни аниқлаш гуруҳи раҳбари Оле Солвангга хабар берганман ва Украина Бош прокуратураси билан боғланиш ниятидаман», — деб ёзди Лубинец 28 август, якшанба куни Facebook’да.

«ЕНОТ» ХҲК асосчиси ва ўзини «сиёсий стратег» деб атайдиган Мангушев қўлида бош суяги билан стендап уюштирди. Илгари ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда у ўлдирилган украиналик аскарнинг қолдиқлари эканлигини ва Россия «Украина ғояси билан» урушаётганини даъво қилганди. Ўз нутқида рус миллатчилик ҳаракати негизида тузилган ХҲК асосчиси Украинага қарши бошқа баёнотлар билан ҳам чиқди. У «Украина деукраинизация қилиниши керак» ва «ўзини украиналик деб ҳисоблаган ҳар бир киши йўқ қилинади», деб таъкидлади. 

Дмитрий Лубинецнинг сўзларига кўра, бундай «ҳарбий мавзудаги стендап» ва Мариупол марҳум ҳимоячисининг «қолдиқлари»ни намойиш қилишнинг ягона мақсади - «ўлган ва бедарак йўқолганларнинг қариндошларига навбатдаги оғриқ етказиш». «Руслар ўзларининг тарғиботчилари орқали тинч аҳолини қирғин ва аҳоли пунктларини вайрон қилишларини оқлаб, Украина халқини инсонийликдан маҳрум қилишда давом этмоқда», — деди у. 

Омбудсман урушда ҳалок бўлганларнинг жасадларига, ҳарбий ёки фуқаро бўлишидан қатъи назар, ҳурмат билан қараш кераклигини эслатди. «Ўлганларни ҳурмат қилиш нафақат инсонпарварлик ва ўлганларнинг яқинларига ғамхўрлик қилишдир. Бу халқаро стандартлар, уларнинг амалга оширилиши - ўлганлар бедарак йўқолганлар рўйхатига қўшилмаслигини кафолатлайди», деб таъкидлади Лубинец. 

Мавзуга оид