«Бошқа давлатга ҳужум қилишга маънавий ҳаққимиз йўқ эди». Россиялик десантчи урушнинг илк кунлари ҳақида китоб ёзди
Унинг ўзи Украинага босқинда иштирок этган. Энди Франциядан сиёсий бошпана сўрамоқда.
2022 йил 24 февралида Россия Украинага ҳужум қилганди. Бу босқин иштирокчилари сафида Павел Филатьев ҳам бўлган. 33 ёшли десантчи олдинги чизиқда икки ойни ўтказди, кейин эса соғлиги туфайли армиядан бўшади. Энди Филатьев урушга қарши чиқмоқда. У «ZOV» деб номланган китоб ёзди, унда Россия армиясининг урушдан олдинги ҳолати ва босқиннинг илк кунларида нималар рўй бергани ҳикоя қилинади. «Важные истории» китобдан парчалар нашр этди.
Уруш арафасидаги Россия армияси ҳақида
Турли жойларда саргардон бўлиб, иш топишга бесамар уриниб [ўтган йил августида] армияга қайтишга қарор қилдим. Мени [Қримдаги] бўлинмага юбориш ҳақида буйруқ чиқди. 10 кун ўтиб форма беришди, аммо фақат ёзгиси, керакли ўлчамдаги этик топилмади, шу туфайли ўзим сотиб олишимга тўғри келди.
Октябр ойи ўрталарида кузги ва қишки форма тарқата бошлашди, аммо фақат эскириб кетган ва керакли ўлчамлар бўлмаганларини. Мен ўлчами тўғри келмайдиган эски формани олишдан бош тортдим, шу туфайли бошлиқлар билан муносабатим совуқлашди. Рота командири билан жанжаллашдим ва бориб, ўзимга бушлат (матрослар курткаси) сотиб олдим.
Парашютда сакраш учун ўқув майдонига келдик. Тунда ҳарорат минус эди, КамАЗларнинг усти очиқ кузовида келтиришди. Кўп ҳарбий хизматчилар иссиқ кийимсиз эди: кимларгадир берилмаган, кимлардир олишдан бош тортган. Ҳафта мобайнида инфекция бўлимига мен хизмат қиладиган қисмдан 30 нафар атрофидаги ҳарбий мурожаат қилди. Уларнинг бари сакраш машқларида қатнашганди.
Урушдан олдинги «машғулотлар» ҳақида
Феврал ойи ўрталарида менинг ротам Эски Қримдаги полигонда эди. Мен нимадир етилиб келаётганини тушуниб турардим — полигонга ҳаммани, хизматдан бўшаганлар ва касалланиб қолганларни ҳам ҳайдаб келишарди.
Кейинги бир неча кунларда биз ўқ отиш майдончасига бордик, ўша ерда мен ниҳоят илк марта ўз автоматимни олдим. Маълум бўлишича, менга теккан автоматнинг тасмаси бузилган ва шунчаки занглаб кетганди. Биринчи тунги отишмадаёқ патрон тиқилиб қолди.
Тахминан 20 февралда барчага зудлик билан тўпланиш ва юкларсиз йўлга тушиш буйруғи келди, ҳеч ким қаерга йўл олаётганимизни билмасди. Ўшандаёқ барча кирланган ва толиққанди. Айримлар қарийб бир ойдан буён ҳеч қандай шароитларга эга бўлмаган полигонда яшаб келар, барчанинг асаби чарчаган, муҳит тобора жиддий ва тушунарсиз бўлиб борарди.
23 феврал куни дивизия командири келди, бизни байрам билан табриклади ва кейинги кундан кунлик тўлов 69 долларни ташкил этишини эълон қилди. Бу қандайдир жиддий воқеа содир бўлишининг аниқ белгиси эди.
Урушнинг илк кунлари ҳақида
[24 феврал куни мен] тунги соат иккида [КамАЗ кузовида] уйғондим, колонна қандайдир овлоқ жойда саф тортиб турар, барчанинг двигателлари ва фаралари ўчирилганди. Бизнинг колоннадан ўнгда ва сўлда реактив артиллерия ишларди. Мен тушуна олмасдим: биз бостириб келаётган украинларга ўт очяпмизми? Балки, НАТО кучларига? Ёки ҳужум қилаётган бизми? Бундай жаҳаннамий ўт очиш кимга қаратилган?
Колонна секинлик билан ҳаракатлана бошлади. Мен биз бораётган томонда отишма ва портлашлар овозини эшитдим. Қаерга, нега, нима учун кетаётганимиз номаълум эди. Шуниси аниқ эдики, ҳақиқий уруш бошланганди. [Кейинроқ] билдимки, [бизда] Херсонга бориш бўйича буйруқ бўлган. Биз Украинага ҳужум қилаётганимиз аён бўлди… Бизда дастлабки ярадорлар ва қурбонлар бор эди. Қўмондонлик алоқадан узилганди. Командир нима бўлаётганини тушунмасди.
[28 феврал куни] кимдир БМД замбараги билан фуқаролик автомобилини ўққа тутгани, автомобилда она ва бир неча болалари бўлгани, фақат бир бола тирик қолганини биламан.
Херсонга ҳужум ҳақида
Бизнинг бутун тайёргарлигимиз фақат қоғозда бўлган, техникамиз жуда эскириб кетганди. Бизда тактика ҳамон боболаримизники каби! Олдинга ёриб ўтганлар яксон этилади. Йигитлардан бири менга уларнинг бригадасидан фақат 50 киши қолганини айтиб берганди.
Қоронғи туша бошлайди, бутун жамоа окоп қазишига тўғри келади. Жуда совуқ эди. Ҳеч кимда кўрпа-тўшак йўқ, муз суюккача етиб боради. Бизга душманнинг кераги йўқ, қўмондонлик бизни шундай шароитда қолдирдики, уйсиз дарбадарлар бундан яхшироқ яшайди.
[Кейинги куни] биз Херсон денгиз портига етиб бордик. Барча озиқ-овқат, егулик, сув, душ ва ухлаш учун биноларни тинтиб чиқа бошлади, кимдир компьютерлар ва учраган исталган қимматли нарсаларни олиб чиқа бошлади. Мен ҳам истисно эмасдим: яксон бўлган фурада шляпа топиб олдим ва уни ўзим билан олиб кетдим.
Офисларда ошхона ва музлатгичлар бўлган овқатланиш жойлари бор эди. Биз, худди ёввойилар каби у ерларда бўлган барча нарсани еб ташладик. Бир тун ичида барини остин-устун қилдик.
Фронтдан қайтиш ҳақида
Апрел ойи ўрталарида артиллерия зарбалари вақтида кўзимга тупроқ кириб кетди ва кератит (кўз мугуз пардаси яллиғланиши) бошланди. Беш кунлик азобланишдан кейин, кўзим ёпилиб қолганида мени барибир эвакуация қилишди. Мени эвакуацияга юборган фельдшер тиббий отрядга унда шприцлар ва оғриқ қолдирувчи воситалар қолмаганини етказишимни сўради.
Бизни касалхонадан чиқарилганлар учун мўлжалланган казармалардан бирига олиб келишди. [У ерда] урушдан қайтган, бошидан ўтган ишлардан кейин ақлидан оза бошлаган юзлаб одамлар бор эди. Кимдир қаттиқ дудуқланарди, хотирасини йўқотган икки кишини кўрдим, у ердагиларнинг кўпчилиги қаттиқ ичар, топган пулини ичкиликка сарфларди.
Даволаниш ва дори-дармон сотиб олиш ўз ҳисобимдан бўлди. Икки ой давомида армия ҳисобидан даволаниш учун уриндим, прокуратурага қатнадим, қўмондонликка, ҳоспитал бошлиғига учрадим, президентга ёздим.
Охир-оқибат барчасига тупуриб, ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтиб, соғлигим туфайли [армиядан] кетишга қарор қилдим. Қўмондонлик мен хизматдан бўйин товлаётганимни айтиб, жиноят иши қўзғатиш учун ҳужжатларни прокуратурага топширди. Шундай йўл билан кўпчиликни ортга қайтаришга уринишади.
Армиядаги кайфият ҳақида
Бошқа давлатга, айниқса бизга энг яқин бўлган халққа ҳужум қилишга маънавий ҳаққимиз йўқ эди. Буларнинг бари бошланганида нацистлар борлигига ишонган ва Украина билан жанг қилишни истайдиганларни жуда кам учратганман. Бизда нафрат йўқ эди ва биз украинларни душман деб билмаганмиз.
Армиядагиларнинг кўпчилиги у ерда бўлаётган ишлардан норози эди, ҳукуматдан ва ўз қўмондонлигидан, Путин ва унинг сиёсатидан, армияда хизмат ўтамаган мудофаа вазиридан норози эди.
Биз барчамиз кўплаб омиллар асирига айландик ва мен ҳисоблайманки, биз ўйинга берилиб кетдик. Биз даҳшатли урушни бошладик. Қайсики, шаҳарлар вайрон қилинадиган ва болалар, аёллар ҳамда кексаларни ҳалок қиладиган урушни.
Китоб муаллифи Франциядан бошпана сўради
Эндиликда россиялик собиқ ҳарбий хизматчи Павел Филатьев Франциядан сиёсий бошпана сўради.
Филатьев «Франс пресс» агентлиги журналисти билан суҳбатда китоб чиққанидан кейинги вақт мобайнида қўлга олинишидан қўрқиб, бир шаҳардан бошқасига кўчиб юргани, шу ҳафтада Тунис орқали Францияга етиб келганини айтган.
Иддао қилишича, уни Россия армияси фаолияти тўғрисида «фейк» тарқатганлик учун жиноий жавобгарликка тортишмоқчи.
«Бошлиқларим «фейклар» учун мени 15 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилаётганини эшитганимда, у ерда мени ҳеч қандай яхшилик кутмаётгани ва адвокатларим Россияда ҳеч нарса қила олмаслигини тушундим», дея Филатьевнинг сўзларини келтирган «Франс пресс».
Журналистларнинг аниқлик киритишича, Филатьев билан Парижнинг «Шарл-де-Голл» номидаги аэропорти ҳудудида бошпана сўровчилар жойлашган ҳудудда гаплашишган.
Якшанба куни ижтимоий тармоқларда Филатьев Россияда олган ҳужжатлари, жумладан паспорти ва ҳарбий билетини йиртиб ташлаб, уларни ҳожатхона унитазига ташлаб юборгани акс этган видео тарқалди. Ундан олдинроқ у Парижга келгани ва сиёсий бошпана сўраш ниятида эканини билдирган.
Мавзуга оид
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
14:56 / 12.11.2024
Макрон ва Стармер Трамп ғалабасидан кейин ҳам Украинани қўллашда «собит» бўлишга ваъда беришди
11:51 / 12.11.2024