Ўзбекистон | 10:55 / 30.08.2022
7044
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда айрим етим болаларга ажратилган уйларда зарур шароитлар яратилмагани аниқланди 

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи назоратга олинди.

Фото: Senat.uz

29 август куни Сенат Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда уни жиҳозлаш масалалари сенаторлар эътиборида бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомга асосан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаши учун барча зарур шароитларга эга бўлган, таъмирланган ва ошхона анжомлари, газ плита, каравот, телевизор, музлатгич, стол-стул билан таъминланган, фойдаланишга тайёр бўлган уй-жой берилиши белгиланган.

Ёшлар парламенти аъзолари томонидан бу борада олиб борилган ўрганишларга кўра, айрим етим болаларга ажратилган уй-жойларда зарур шароитлар яратилмагани аниқланган. Бундай ҳолат Бектемир туманида кузатилган.

Мажлисда Тошкент шаҳар ва Бектемир тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда Молия вазирлиги вакиллари, Миллий гвардия масъуллари иштирокида мазкур масала атрофлича муҳокама этилди. Аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Мавзуга оид