Жаҳон | 09:32 / 01.09.2022
5555
2 дақиқада ўқилади

Россияда Хитой ва Ҳиндистон иштирокидаги «Восток-2022» машқлари бошланди

Охота денгизи ва Япон денгизидаги Тинч океан флотининг стратегик машқларида 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда.

Фото: Sputnik

Россияда «Восток-2022» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари (СҚШМ) бошланди, унда 50 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, шунингдек, 5 мингдан ортиқ қурол ва ҳарбий техника иштирок этади. Россия Мудофаа вазирлигининг 1 сентябр, пайшанба куни хабар беришича, гап Шарқий ҳарбий округнинг етти полигонида, шунингдек, Охота ва Япон денгизлари сувлари ҳамда соҳилбўйи зоналарида «мудофаа ва ҳужумкор ҳаракатларни ишлаб чиқиш» ҳақида кетмоқда. Машқларда 140 та самолёт, 60 та ҳарбий кема, қайиқ ва ёрдамчи кемалар иштирок этади.

Тинч океан флотининг кемалари аллақачон денгизда жойлашишни бошлаган. Япон денгизи ва Камчатка яриморолининг шарқида кемага, ҳаво ҳужумига ва сувости кемаларига қарши мудофаани ташкил этиш вазифалари ҳал қилинмоқда. 

Япон денгизи сувларида Тинч океан флоти ва ХХР ҳарбий-денгиз кучлари гуруҳлари денгиз йўллари ва денгиз иқтисодий фаолияти ҳудудларини ҳимоя қилиш ҳамда қуруқликдаги қўшинларга қирғоқ йўналишида ёрдам бериш учун қўшма амалий ҳаракатларни амалга оширади.

Бундан ташқари, Узоқ Шарқ ороллари зонасида ва Камчатка яримороли яқинида ракета ҳамда артиллерия ўқлари билан душман кема гуруҳлари ва денгиз десанти кучларини мағлуб этиш машқ қилинади. 

Машқларни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ), Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва бошқа ҳамкор давлатлар, жумладан, Озарбойжон, Беларус, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон ва Тожикистон экспертлари кузатмоқда. Dpa агентлиги таъкидлашича, Хитой ва Ҳиндистоннинг иштироки Ғарбнинг алоҳида эътиборини тортди. 

Машғулотлар 7 сентябрга қадар давом этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид