15:01 / 02.09.2022
9761

АҚШ давлат котиби: «Ўзбекистоннинг тоза энергияга ўтишини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз»

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга кўра, АҚШ Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайди, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини кенгайтириш ва ҳимоя қилишга содиқлигини қадрлайди.

Фото: Kevin Lamarque / Reuters

АҚШ Давлат департаменти давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистон мустақиллиги 31 йиллиги муносабати билан расмий табригини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

«Америка Қўшма Штатлари номидан Ўзбекистон халқини 1 сентябрь куни мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик 31 йиллиги нишонлангани билан табриклайман», - дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон қимматли ҳамкор бўлиб, Марказий Осиё стратегик мавқейини, «C5+1» дипломатик платформаси орқали таъминлашда муҳим роль ўйнайди. 

«Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайди, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини кенгайтириш ҳамда ҳимоя қилишга содиқлигини қадрлайди», дейди Энтони Блинкен.

Билдирилишича, АҚШ Ўзбекистоннинг Глобал метан мажбуриятига қўшилиш тўғрисидаги қарорини олқишлайди ва унинг тоза энергияга ўтишини қўллаб-қувватлашга тайёр.

«Шунингдек, COVID-19’га қарши курашдаги яқин ҳамкорлигимиз учун миннатдормиз ва яқинда COVAX дастури орқали Ўзбекистонга икки миллион доза вакциналар етказиб берилганидан мамнунмиз. Алоҳида мазмунга эга ушбу кунда мен АҚШнинг Ўзбекистон билан дўстлигини чин дилдан тасдиқлайман ва мамлакат халқига истиқболдаги йилларда фаровонлик тилайман», дейилади Қўшма Штатлар давлат котиби табригида.

Top