Соҳибқирондан мерос Самарқанд анжирлари: Боғибаландга нима таҳдид солмоқда?
Самарқанд шаҳрининг шундоқ биқинида, Кўҳак (ҳозирги Чўпонота) тоғи этагида Амир Темурнинг Боғибаланд боғлари давомчиси асрий анжирзорлар борлигини биласизми?
Соҳибқирон Амир Темур буйруғи билан яратилган 12 та боғ тархдан машҳур: Боғи Дилкушо, Боғи Жаҳоннамо, Боғи Майдон, Боғи Нав, Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Бўлду, Боғи Нақшижаҳон, Боғи Зоғон ва Боғи Баланд. Бу боғлардан аксариятининг номи ҳанузгача истеъмолда, фақат Боғи Баланднинг бир қисми шу вақтгача сақланиб қолган.
Тарихий манбаларда Боғибаланд анжирзорлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалиши қайд қилинган. Жумладан, «Бобурнома»да бу ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оқабегимга атаб «Боғибаланд» боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган.
Бир пайтлар Боғибаланд боғлари ҳозирги халқаро аэропорт ва автошоҳбекат ўрнини ҳам эгаллаган улкан боғ бўлган. Энди бу боғдан 40 гектар қолган холос. Бу ерда ўнлаб оилалар аждоддан авлодга анжир етиштириб келишмоқда.
Сўнгги йилларда Боғибаланд анжирзорларида анжир сайли ўтказиш урфга кирди. Бу ерда туризм маҳалласи ташкил этилди. Бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳам ташриф буюришмоқда. Чайлаларда анжирлар июль ойнинг ўрталаридан сентябрь ойининг ўрталаригача ғарқ пишади.
Боғда 200-300 йиллик анжирларни ҳам учратишингиз мумкин. Уларни ҳар йили қиш фаслида кўмиб, парвариш қилиб мева етиштирилади. Бу ҳақда узоқ йиллардан буён анжир парваришлаб келган 84 ёшли Абдуҳалим бобо Рашидовнинг ҳикоя қилишича, бу ерда жаннат меваси ҳисобланувчи анжирларнинг асосан сариқ нави етиштирилади. Қора анжирлар ҳам учраб туради, лекин унинг харидори кам.
Анжирлар етилиб узилгач, маҳаллий бозорга чиқарилади. Асалдек анжирларни хомлигича истеъмол қилиш ҳам мумкин, ундан мураббо ва шинни тайёрласа ҳам бўлади.
Абдуҳалим бобо анжирлар ҳар йили қишда кўмилиши, кўмиш учун узоқ масофадан қамиш келтирилиши, анжирни кўмиш ва эрта баҳорда очиш машаққатли меҳнат талаб этиши ҳақида ҳикоя қилиб берди. Сўнгги йилларда қиш фасли нисбатан илиқ келаётган бўлса-да, салгина совуқ ҳам анжир дарахтларининг қуриб қолишига сабаб бўлади. Шунинг учун уни кўмишга ўрганиб қолишган.
Мутахассисларга кўра, турли ҳудудларда етиштириладиган анжир мевалари орасида Боғибаланд анжирлари микроэлементларга бойлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради. Кўчати шу ердан олиб борилиб, Самарқанднинг бошқа ҳудудларида экилганида ҳам мева Боғибаланддагичалик хуштаъм бўлмайди.
Жорий йилда анжирзорлар сув танқислигига дуч келишди. Муаммо ҳақида самарқандлик кекса журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ижтимоий тармоқларда бонг ургач, у ижобий ҳал қилинган. Айни ёзнинг чилласида Оби Раҳмат ариғига сув келган ва анжирзорлар суғорилган.
Лекин сув билан боғлиқ муаммо вақтинча ҳал қилинган. Чунки анжирзорга келувчи Оби Раҳмат ариғининг ўзани Самарқанд Туризм маркази қурилишида ўзгартириб юборилган. Бу эса келгусида ҳам нафақат ушбу анжирзорлар, Самарқанд шаҳридаги 10-12 та маҳаллани суғориш билан боғлиқ муаммоларни юзага келтириши мумкин.
Сув билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш учун боғбонлар тоғ этагида артезиан қудуқ қазишга ҳам мажбур бўлишган
Сув билан боғлиқ муаммо қадимий анжирзорга шу йилдан бошлаб рахна солаётган бўлса, экология билан ҳолат ҳам деҳқонларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган экан. Кекса деҳқон куйиниб шундай ҳикоя қилди.
«Анжирзор яқинидаги бўр ишлаб чиқарадиган цехлар, шунингдек, темирйўл ёқасидаги цемент сотиш пунктларидан кўтарилаётган чанг-тўзон ҳам анжирлар устига ёпирилмоқда. Бу эса етиштирилаётган анжирларнинг сифатига салбий таъсир этмасдан қолмайди», — деди у.
Самарқанднинг қадимий анжирзорини кўз қорачиғидек асраш, кўҳна шаҳарнинг туристик брендларидан бирига айлантириш борасида хайрли ишлар бошланган. Аммо уни суғоришни йўлга қўйиш учун қадимий Оби Раҳмат ариғининг ўзанини тиклаш лозим бўлади.
Қадимий анжирзор ҳақида мухтасар тушунчага эга бўлдингиз. Агар анжирзорга сув доимий келиши таъминланса, унинг ҳавосини ифлослантираётган, дарахтларга салбий таъсир қилаётган бўр ва цемент корхоналарига нисбатан чора кўрилса — улар энг камида хавфсизроқ ҳудудга кўчирилса, Самарқанднинг машҳур анжирзорлари авлодларга ҳам бус-бутун етиб боради.
Акс ҳолда, лоқайдлик туфайли бизга бобомерос боғлардан айрилиб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024