Тергов ва судларда шундай ишлар бўладики, уни кўрган ҳар қандай шахс қонунларни бузиш ва адолатсизлик бўлганини ҳеч бир қийинчиликсиз тушуниб олади. Бунинг учун албатта судья бўлиш шарт эмас.

Kun.uz сайти Тошкент туман ИИБ ходимлари ва жиноят суди судьяларининг ана шундай “буюртма” ишлари ҳақида мақола эълон қилганди.

Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси (бошлиғи Азиз Обидов) ушбу мақолага муносабат билдирар экан, журналистни нохолислик ва малакасизликда айблайди.

Бу ҳам етмагандай, танқид қилинган иш бўйича ҳукм тўғри эканини таъкидлаб(?!), беихтиёр уни чиқарган судьяларга далда бўлди.

“Судланувчининг айби унинг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳлар, қўшимча гувоҳларнинг тушунтиришлари, жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиғини топган”, деб ёзади Азиз Обидов раҳбарлик қиладиган бошқарма.

Журналист шахсга берилган жазо ҳақида фикр билдирар экан, бунга жамоатчилик вакили сифатида ҳаққи бор. Аммо қонунийлигига фақат юқори инстанция судидагина баҳо берилиши мумкин бўлган ҳужжатни “қонуний” дейишга Азиз Обидовда қандай ҳуқуқ бор? Олий суднинг (А.Обидов тимсолида) ҳали апелляция инстанциясида кўрилаётган ишларни ҳозирданоқ “қонунийлиги” ҳақида бонг уриши ушбу босқич судьяларига қўшимча далда бўлмайдими? Олий суднинг ўзидан далда бўлиб турар экан, қуйи суд судьялари ўзларини йиғиштириб олармиди?

Албатта, журналист – биринчи навбатда ижодкор. У – судья эмас, совуқ оҳанг уфуриб турган матнларга ҳиссиз, аммо юракни ўйиб ташлайдиган сўзларни кетма-кет тиркамайди. Журналист матнларида эмоция бироз бўртиши табиий, айниқса, бир инсон тақдири “план” ортидан қувадиган масъулиятсиз терговчилар-у уларнинг йўриғидан чиқмаётган айрим судьяларнинг панжа(ра) ортидаги нигоҳлари билан азоблар ва адолатсизликларга маҳкум этилаётган бўлса.

Обидов қаламкаш нохолислик ва ҳиссиётларга берилган ҳолда “холис ва адолатли судьяларга ташланаётгани”ни иддао қилган. Агар суд тизимимиз, судьяларимиз у ҳимоя ва иддао қилаётганидек холис ва адолатли бўлганида президент Мирзиёев 2026 йилгача амалга оширилиши шарт, дея санаган бош ислоҳотлар рўйхатининг иккинчи поғонасида турмаган бўлар эди.