Ўзбекистон | 09:27 / 05.09.2022
4257
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга йиллик эҳтиёжи 50 фоизидан ортиғини қоплайдиган электр энергияси етказиб берди

Мисрнинг “Ал-Муватин” агентлиги сайтида Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси билан ўтказилган интервьюга бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансур Қиличев берган интервьюси чоғида Ўзбекистон Мисрдан фармацевтика маҳсулотлари, цитрус мевалари ва ювиш воситаларини импорт қилаётганини, Мисрга тўқимачилик, чорвачилик маҳсулотлари, транспорт ва туризм хизматларини экспорт қилаётганини билдирди.

Унинг қайд этишича, икки давлат ишбилармонлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш учун Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузиш, ташқи савдо транспорт харажатларини ва йўналишларини оптималлаштириш мақсадида икки мамлакат транспорт вазирликлари ўртасида ишчи гуруҳни ташкил этиш муштарак манфаатларга хизмат қилади.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хоразм каби шаҳарлардаги ноёб тарихий обидаларга жалб этишга интилмоқда.

Мансур Қиличев БМТ иқлим ўзгариши бўйича конференцияси ҳақида сўзлар экан, саноат инқилобидан то ҳозирги кунга қадар инсон фаолияти экологияга жиддий таъсир қилаётганини қайд этди. Иқлим ўзгариши салбий таъсири ва зарарли чиқиндиларни камайтириш бўйича биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

Элчи Ўзбекистон ташқи сиёсати устувор йўналишлари дунё барча давлатлари, айниқса қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тинчликни таъминлашга қаратилганини таъкидлаб, Тошкент иқтисодий, савдо ва минтақавий интеграция орқали Афғонистонда тинчлик ўрнатишдан манфаатдор эканини қайд этди. 

Тошкент томонидан Афғонистонда амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари орасида умумий қуввати 500 киловатт, қиймати қарийб 100 миллион доллар бўлган Сурхон – Пули-Ҳумри электр узатиш линияси лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга эканини маълум қилди.

Таъкидланишича, жорий йил бошидан буён Ўзбекистон Афғонистонга унинг йиллик эҳтиёжи 50 фоизидан ортиғини қоплайдиган электр энергиясини етказиб берди.

Мавзуга оид