Бензема жароҳат олди, Германияда сенсация

F гуруҳи
Селтик — Реал 0:3
Голлар: Винисиус (56), Модрич (60), Азар (77).
Селтик – Ҳарт, Юранович, Картер-Викерс, Йенц, Тэйлор, Макгрегор, О`Райли (Муй, 72), Ҳатате (Тернбулл, 72), Якумакис (Фуруҳаси, 72), Жота (Ҳакшабанович, 82), Абада (Маэда, 46). 
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Милитао (Рюдигер, 46), Менди, Модрич (Асенсио, 80), Кроос, Тчуамени (Камавинга, 71), Вальверде, Бензема (Азар, 30), Винисиус (Родриго, 80).

Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби стартда ўта ноқулай рақибга дуч келди. «Селтик» уйда исталган жамоага муаммо туғдириши мумкин, қолаверса «кельтлар» ҳозирда жуда юқори спорт формасида. Шанба куни улар азалий рақиби «Рейнжерс»ни тор-мор этди (4:0). Бу ўйинда эса рақиб мудофааси ва Куртуа доимий босим остида ушлаб турилди, биринчи бўлимда Макгрегорнинг зарбасидан кейин фақат дарвоза устуни голдан сақлади.

Бу «Реал»ни, албатта хавотирга солди, аммо ўйиннинг ярим соати ўтганида Бензема жароҳат олиб сафдан чиққанидаги хавотирлар кўпроқ эди. Француз ҳужумчиси ўрнига туширишга бошқа ҳужумчи йўқ эди ва Карло Анчелотти Азар «алдамчи тўққизлик» ролида бўладиган схемага ўтишга қарор қилди. Бельгиялик футболчи эса ишончни оқлади, аввалига «Қироллик клуби»да 100-бор ЕЧЛ ўйинида майдонга тушган Модричнинг голида ҳаммуаллифлик қилди, кейин ўзи ҳам январдан буён илк голини урди, бу унинг Чемпионлар лигасида 650 кун ичидаги илк голи бўлди.

Унинг голи аллақачон таслим бўлган шотландларга сўнгги зарба эди. Ўйинда биринчи голли ҳужумдан кейиноқ бурилиш юз берганди — рақибнинг тажовузкор прессингидан чиқишда намунали ўйин намойиш этилди, «Реал» футболчилари комбинация давомида 22 бор узатма амалга оширишди. Сўнггиси — қанотдан Вальверде ижросида бўлди — уругвайлик футболчи ҳужум учлигида ўнг қанотда мустаҳкам ўрнашган. Винисиус Жуниор эса Мадриддаги фаолиятида илк бор қаторасига тўрт ўйинда гол урди ва Бензема йўқлиги жамоа учун ҳукм бўлмаслигини кўрсатиб қўйди. Аммо, албатта, кўп нарса француз ҳужумчисининг жароҳати қай даражада эканига боғлиқ бўлади.

Лейпциг — Шахтёр 1:4
Голлар: Симакан (57) — Швед (16, 58), Мудрик (76), Траоре (85).
Лейпциг – Гулачи, Симакан, Орбан, Диалло, Ҳальстенберг (Раум, 46), Собослаи, Лаймер (Айдара, 82), Шлагер (Ҳенрикс, 70), Силва, Вернер (Форсберг, 70), Нкунку.