«Реал» ҳозирги таркиби билан нафақат бу мавсумда, балки келгуси ярим декада давомида тўхтатиб бўлмас кучга айланиши тахмин қилинаётганди. Амалда эса барчаси анча қийин кечмоқда.
Албатта, Мадрид клуби Мбаппе билан кучсизланди деб бўлмайди, бироқ у билан кучайганини ҳам кўрсата олганича йўқ. Чемпионлар Лигасида «Лилл»га (0:1) ва Ла Лигада «Барселона»га (0:4) бой берилган учрашувлар уларнинг муаммоларини яққол кўрсатиб бера олди. Ушбу муваффақиятсизликлар фонида мадридликлар учун Тони Кроос фаолиятини якунлаши тахмин қилинганидан оғир келгани маълум бўлмоқда. Гарчи захирасида битта ўйини бўлса-да, ҳозирги вақтда «Реал» лига пешқадами «Барса»дан 9 очко ортда бормоқда. Бундан ташқари, ҳозирча Чемпионлар Лигасида плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма оладиган саккизлик орасида эмас.
Ҳали ваҳима қилишга ҳожат йўқ, лекин «қаймоқранглилар» ҳозирдан ҳаракатни бошламаса, кейин кеч бўлиши мумкин. Муаммолар эса кўзга кўриниб турган муаммолар ва бу уларни ҳал қилишни осонлаштиришга ёрдам беради.
Мбаппедан кўпроғини талаб қилиш

Умуман олганда, Мбаппе гол уриш бўйича оламшумул муваффақиятсизликка учрагани йўқ. Ҳозиргача Мадрид клубида 15 марта майдонга тушган француз 8 гол уриб, 2 марта жамоадошлари голига ҳаммуаллифлик қилди. Лекин барибир барчада унинг қўлидан кўпроқ нарса келиши ва аслида ҳам кўпроқ нарса бериши керак, деган фикр бор. Дарҳақиқат, Франция миллий жамоаси сардори билан барчаси жойида эмас. Ҳа, у ўзининг ҳар мавсум учун кафолатланган 40+ голларини уриб бериши мумкиндир, бироқ биз майдонда Киллиан Мбаппени кўрмаяпмиз. Ҳар ҳолда, ҳозирча қолаётган таассурот мана шундай.
Гап фақат «Реал»га ўтиш босимида ҳам эмас. Мбаппе ўша 20 ёшида чиққан даражасидан кейин ҳатто Парижда ўйнаб юрган кезларида ҳам ўсиш намойиш этмаётганди. Энди эса Мадридга, чап қанотнинг ўз эгаси бўлган клубга келиб, унинг камчиликлари янада яққол кўзга ташланмоқда. У страйкер сифатида майдонга тушиб, чап тарафдан очилиб боришга ҳаракат қилиб, ўша қанотда «Реал» футболчиларининг ортиқ даражада тўпланиб, қолган зоналар бўш қолишига сабабчи бўляпти. Тўпсиз ҳаракатлар борасида эса у янада ёмонроқ ўйнамоқда. Тўпни йўқотган вақтларида 25 ёшли ҳужумчи деярли югурмаяпти ва прессингда қатнашмаяпти.
Албатта, ундан тинимсиз равишда босим ўтказишни талаб қилиш имконсиздир, бироқ Анчелотти уни ҳимоявий ҳаракатларда ҳам ишлатиши керакдек.
Беллингҳэмдан максимум фойдаланиш




















