17:26 / 07.09.2022
9310

Кудбиев: “ҚҚС тўлашга ўтиш чегарасини ошириш эмас, камайтириш керак”

ҚҚС тўловчисига айланиш бўйича 2019 йилда белгиланган 1 млрд сўмлик чегара оширилиши эмас, аксинча камайтирилиши керак, деб ҳисоблайди ДСҚ раиси. Унинг Kun.uz'га берган интервюсида тушунтиришича, “занжир ҳаммага бир хил ишлаши керак”. Кудбиев ҚҚС ставкасини турли соҳалар учун турлича белгилашга ҳам қарши эканини айтди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Kun.uz'га берган интервюсида қўшилган қиймат солиғига доир айрим саволларга жавоб берди.

— Иқтисодчилар ва фаолларнинг фикрича, солиқ тўлашдан қочишнинг сабаби солиқ юки катталиги экан. Шу туфайли тадбиркорлар даромадларини яширишга ҳам ҳаракат қилишади дейишади. Сиз бунга қандай қарайсиз? Шу тўғрими?

— Жуда тўғри. Мана шу таклифларни ишлаб чиқишда ҳам Telegram-каналимизда сўров ўтказдик. Унда тахминан 70 мингга яқин респондент иштирок этди. Яъни 70 минглик ижтимоий сўров бу – катта сўров ҳисобланади-да. Ўша ерда нега сиз чек бермаяпсиз деган савол бор эди. Иштирокчиларнинг деярли 25 фоизи солиқ юки ошгани учун деб жавоб берди. Демак, мана бу таклифлар ишлаб чиқилишида ҳам айнан шу солиқ юки, қўшилган қиймат солиғининг деярли бешдан бир қисми камайяпти. Солиқ юки 20 фоизга камайяпти.

Бошқа солиқлар бўйича ҳам худди шундай. Ўйлайманки, мана шунга жавобан солиқ юки камайиши катта бир қадам бўлди. Лекин 25 фоиздан ташқари қолган 75 фоизи орасида бошқа жавоблар ҳам бор эди. Банклардан нақд пулни ололмаслиги, сотилаётган маҳсулотнинг кирим ҳужжати йўқлиги, расмиятчилик қийин экани, операцион харажатлар катталиги. Ушбу сўровнома ҳам таклифларни ишлаб чиқишга асос бўлди.

— 2019 йилда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошмайдиган корхоналар учун ҚҚСга ўтиш мажбурий эмас қилиб белгиланган. Лекин 2019 йилдан бери бу 1 миллиардлик чегара ўзгармаяпти. Инфляция ёки бошқа бир ҳолатлар ҳисобига бу чегарани ошириш режалаштирилмаяптими?

— Фикримча, бу нотўғри бўлади. Менимча, бу чегарани ошириш эмас, камайтириш керак. Чунки жамиятда ҳаммага бир хил шароит яратиш керак эканки, занжир ҳаммага бир хил ишлаши керак. Кимда қўшилган қиймат юқори яратилса, солиқ юки ўшанда юқори бўляпти.

Умумовқатланиш корхоналарида ёки хизмат кўрсатиш ва сервис корхоналарида ҳамда имтиёзи йўқ бўлган корхоналарда ҚҚСни ҳисобга оладиган соҳалар кичкина бўлганида ўша юк катта бўлиб кетяпти. Шунинг учун уларни 1 миллиарддан юқори қилиш керак деган тушунча нотўғри бўлади. Агар бизга бу таклиф бериладиган бўлса, биз уни камайтиришга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун ҳам солиқ органлари солиқ маъмурчилиги билан шуғулланади. Солиқ сиёсати эса қонунда белгиланган тартибда юритилаверади.

— Демак, соҳалар бўйича ўзгартириш сизнингча тўғри эмас, шундайми?

— Фикримча, бу нотўғри бўлади. Оддий мисол, хизмат кўрсатиш соҳасида ҚҚС ставкасини пасайтириб қўйдингиз. Кофе сотаётган бўлинг. Бу кофени сотаётганда 1 фоизлик қўшилган қиймат солиғи жорий этилган бўлса, уни сотаётганда кофенинг донасини сотиб олишда қандай бўлади бу ставка? Унда нега ишлаб чиқарган одам 15 сўм тўлаши керак, бу эса бир фоиз тўлаши керак? Энди улар гапиришни бошлайди.

Агар тескарисини қилиб қўйсангиз, ҳозирги гўшт билан содир бўлган вазиятга келиб қоламиз. Бир томондан гўшт ҚҚСдан озод, лекин умумий овқатланиш корхонаси айтяптики, шуни озод қилганларингиз учун, зачётга олиб боролмаяпман деб. Шунинг учун бу занжир узилиб қолади-да.

Чет давлатларининг аксариятида қўшилган қиймат солиғи бор. Ана шу давлатларнинг 51 фоизида ставкалар соҳалар бўйича ҳар хил эмас. 49 фоиз давлатда ҳар хил ставкалар амал қилади. Лекин тенденция шунақаки, ҳамма давлатлар ҳам ҳар хил ставкадан воз кечяпти. Чунки занжир бир хил бўлиши керак-да.

Бу бўйича жами ҳисоб-китоблар қилиняпти. Бу шундайки, ставка ҳар хил бўлса, бир соҳа фойда кўради, бошқаси зиён кўриб қолади.

— Хабарингиз бор, яқинда президент Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, Нукусда фаоллар билан учрашган вақтда, Қорақалпоғистон аҳолиси учун солиқ ставкаларини икки баробаргача тушириш бўйича топшириқлар берди. Бу борада уларда қандай ўзгаришлар кутиляпти?

— Биз ҳам ўша йиғилишда иштирок этдик. Мол-мулк солиғи бўйича жуда катта имтиёзлар берилди. Катта янгиликлардан биттаси бу айланмадан олинадиган солиқ бўйича бўлди. Бу бевосита республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти солиқ юки нуқтайи назаридан нисбатан енгиллиги бор.

Қорақалпоғистонда бизнес олиб бориш жозибадорлиги ошяпти. Ўйлайманки, бу фақат фойда бўлади. Бу жуда тўғри қарор бўлди. Чунки биз амалиёт ва ҳаётдан ҳам келиб чиқишимиз керак. Қорақалпоғистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан Тошкент вилоятида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг операцион харажати ҳар хил. Қорақалпоғистонга бориб-келиш, юкни олиб бориш қимматроққа тушади. Шунинг учун давлат солиқ юкини камайтириш орқали рағбатлантириши бу жуда ҳам фойдали ва эртага тадбиркорлик субъектлари ошишига сабаб бўлади.

Тўлиқ интервью билан ушбу видеода танишиб чиқишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳиддин Нидо.

Top