Ўзбекистон | 20:21 / 09.09.2022
12879
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний шахсларга муқобил энергия қурилмаларини фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади 

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми компенсация қилинади.  

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахсларга Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми Жамғарма ҳисобидан компенсация қилинади;
  • истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғридан-тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, маҳаллий чакана савдо объектларидан, шу жумладан электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

Молия вазирлиги 2022 йил якунига қадар ушбу харажатларни молиялаштириш учун Жамғармага унинг асослантирилган талабномаларига мувофиқ Давлат бюджети ҳисобидан 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағларнинг ажратилишини таъминлайди.

Аввалроқ қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатган айрим фуқаролар 3 йил мол-мулк ва ер солиғини тўламаслиги ҳақида хабар қилинганди.

Улуғбек Акбаров
Тайёрлаган Улуғбек Акбаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид