11:22 / 09.09.2022
11274

Шавкат Мирзиёев қиролича Елизавета II оламдан ўтгани муносабати билан таъзия билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги қироли Чарлз учинчига унинг онаси қиролича Елизавета иккинчи оламдан ўтгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

"Ул зот 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланиши рамзи бўлиб келган, Қироллик глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди", дейилади давлат раҳбарининг таъзияномасида.

Президент ушбу мусибатли дамларда қиролга, оиласи барча аъзоларига ва Буюк Британия халқига таскин сўзларини билдирди ҳамда сабр-тоқат ва бардамлик тилади.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этди. 

Сўнгги ойларда Елизавета II соғлиги туфайли кўплаб тадбирларда иштирок эта олмади. 2022 йил февралида у ковидга чалинганди; баҳорда қиролича «ҳаракатланишдаги эпизодик муаммолар» туфайли қатор оммавий тадбирларни ўтказиб юборди, июн ойи бошида эса у ўзининг тахтга чиқишининг 70 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган тантаналарда деярли қатнашмади. 

Буюк Британияда миллий мотам даври бошланди, Sky News хабарига кўра бу дафн маросимига қадар давом этади. Елизавета иккинчининг жасади Букинҳем саройига олиб келинади ва бу ерда беш кун қолади. Ўлимидан беш кун ўтиб унинг тобути Вестминстер саройига келтирилади, бу ерда уч кун мобайнида 23 соат уни зиёрат қилишлари мумкин. Дафн маросими қироличанинг ўлимидан 10 кун ўтиб бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Елизавета иккинчининг ўлимидан кейин унинг катта ўғли Чарлз мамлакатнинг янги қиролига айланади — у Буюк Британия тарихида Уэльс шаҳзодаси ва тахт вориси мақомида энг узоқ вақт қолган шаҳзода бўлди. Букингҳэм саройи уни қирол Чарлз III деб атади. 9 сентябр куни янги қирол тахтга чиқиши расман нишонланадиган қатор тантанали маросимлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Top