22:56 / 13.09.2022
11000

“Ҳаммасини давлат раҳбарига ташлаб қўйиш керак эмас” — Танзила Норбоева одамларни қийнаётган масалалар ечими ҳақида

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 13 сентябрдаги ялпи мажлисда талабалар ётоқхоналари, дарсликлар ва дарахтлар каби интернетда муҳокама бўлаётган мавзулар ҳақида гапирди. “Қачон одамлар дод-вой қилиб ижтимоий тармоққа чиқади, шундан кейин [муаммони бартараф этиш] бошланади. Ҳаммасини давлат раҳбарига ташлаб қўйиш керак эмас”, – деди у.

Дарахтлар

“Мажлисни онлайн ўтказяпмиз-ку, ҳозир одамлар [изоҳларда турли] танқидий фикрларни ёзишяпти. Уларни тўғри қабул қилишимиз керак.

“Давлат раҳбарининг 2021 йилдаги фармони билан дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилинганди. Унинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганига қарамасдан дарахтларни кесиш, уларни сунъий тарзда қуритиш ҳолатлари тўхтамаяпти”, деб ёзишяпти. Бугунги мажлисимизда айтганимиздай, тендерда [ерни кимдир] ютволиб, бино қураман дейди, қараса у ерда дарахтлар бор. Шу дарахтларни суғормасдан ўша дарахтлар қуриб қолишига олиб келишяпти”, деди Сенат раиси.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Дарсликлар

Норбоева мактаб дарсликлари масаласига ҳам тўхталди. Унга кўра, Сенат 2019 йилда бу масалани ўрганган ва ҳукуматга сўров юборган, бироқ масала шу пайтгача ҳал бўлмаган.

“Ижтимоий тармоқларда кузатиб турганимиздек, янги ўқув йили мактаб дарсликлари муаммоси билан бошланиб, эндиликда дарсликларнинг мазмуни, уларнинг ўқувчилар ёшига, ақлий, физиологик ва психологик имкониятларига мос равишда тайёрланиши билан боғлиқ муаммолар кўтарилмоқда. Биз аввал ҳам, яъни 2019 йилда ушбу масалада парламент назорати доирасида махсус ўрганишлар ўтказиб, ҳукуматга парламент сўровини юборганмиз. Бу масала шу пайтгача ҳал бўлгани йўқ.

Ўйлайманки, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳукуматнинг тегишли комплекслари билан биргаликда яна бир бор ушбу масалага қайтиб, ўқитувчилар, ота-оналар, эксперт-олимлар ҳамда кенг жамоатчилик таклифлари асосида дарсликларни тайёрлаш ва нашр этишнинг шаффоф тизимини ишлаб чиқиши керак бўлади. Ҳозир бу бўйича Президент администрациясида ҳам ишлар кетмоқда, лекин сенаторларимиз халқ вакиллари сифатида бу ишни биргаликда амалга оширишлари керак бўлади”, деган Танзила Норбоева.

Талабалар ётоқхоналари

Ялпи мажлисда талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи ҳам кўтарилди. Сенат раиси таклиф этилаётган муваққат чоралар янги-янги муаммоларни юзага келтириши ҳақида огоҳлантириб, ҳукуматни ўз ишига лаёқатсизликда айблади.

Танзила Норбоеванинг фикрича, кўплаб муаммолар ижтимоий тармоқларда кўтарилгач ёки президент эътибор қаратиб, ечим топиб берганидан сўнггина ҳал бўлмоқда.

“Тошкентга олий ўқув юртига қабул қилинган талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи якунига етказилмас экан, бу муаммо ҳар йили кўтарилаверади. Чунки мавжуд ётоқхоналар сони ўзгаргани йўқ, лекин ҳозир қанчадан қанча олий ўқув юртлари ташкил этилди, талабалар сони ҳам ортиб бормоқда. Демак, эҳтиёж ҳам кўпаймоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими Янгиҳаёт туманида янги бунёд этилган “Тошкент индекс” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берди. Бироқ шунча талабанинг бир ҳудудга жойлаштирилиши ортидан келиб чиқадиган бошқа ижтимоий муаммоларни ҳам унутмаслигимиз керак. Мажлисимизда сенатор-ректорларимиз ҳам ўтирибди. Тасаввур қилинглар, шунча талаба битта жойга жойлашса, бунинг ортидан қанчадан қанча бошқа муаммолар келиб чиқади. Санитария-гигиена қоидаларига амал қилинишини таъминлаш керак бўлади. Поликлиникаларга тушадиган қўшимча юкламалар пайдо бўлади. Йўлларда тирбандликлар пайдо бўлади. Ўқув йили бошланган вақтда кузатилган тирбандликлар билан боғлиқ қанчадан қанча муаммолар кўтариляпти.

Мана шу масалалар ҳаммани ўйлантириши керак. Ҳаммани, айниқса, ҳукумат вакилларини. Булар одамларимиз томонидан кўтарилаётган масалалар, шуларни ҳал қилсанглар бўлмайдими деган чақириқ билан бизга мурожаат қилишяпти. Шунинг учун бу ерда ўтирган ҳукумат аъзолари чиройли... Мен тушунаман, жуда кўп ишлар қиляпсизлар, чиройли-чиройли режалар қилгансизлар. Маблағлар ажратиляпти. Мана, ҳозир бу ҳақда чиройли қилиб гапириб бердинглар. Лекин мана бу каби одамларнинг мурожаатлари камаймас экан, бу ишлар қилиняптими-йўқми деган саволга ўйланиб қолади одам.

Қачон одамлар дод-вой қилиб ижтимоий тармоққа чиқади, шундан кейин бошланади. Ҳаммасини давлат раҳбарига ташлаб қўйиш керак эмас. Давлат раҳбарига ташлаб қўйдик. Ҳаммасига ўзлари муносабат билдириб, ўзлари ечим топиб беряптилар. Қолганлар нима қилиб ўтирибди унда?!” – дейди Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни сайтимизда эълон қилинган мақолада Сенат раисининг ижтимоий муаммоларга аввалгидек эътибор қаратмай қўйгани танқид қилинганди.

Top