Жамият | 22:44 / 13.09.2022
14683
3 дақиқада ўқилади

Репортаж: Чилонзор кўчасида таъмирлаш ишлари якунланди

Бу кўчанинг бир қисмини кенгайтириш ишлари сабаб юздан ортиқ дарахтга зарар етказилгач, лойиҳа ўзгартирилиб, туман ҳокими ва прокурори ишдан олинганди. 13 сентябр куни кўча таъмири битгани муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Чилонзор кўчасининг 650 метрлик қисмида (Гагарин хиёбонидан Муқимий кўчасигача) йўл таъмирлаш ишлари якунига етди.

Бир ойдан ортиқ давом этган реконструкциядан кейин бугун, 13 сентябр куни йўл битгани муносабати билан байрамона тадбир ўтказилди. Тадбирда туман ҳокими, прокурори, ички ишлар ходимлари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

Туманнинг янги ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаевнинг таъкидлашича, кўчадаги айрим инфратузилма нуқсонларини бартараф этиш ишлари давом эттирилади.

“Бугунги йўл автомобилларга тезроқ қулайлик яратиш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида очилди. Ҳозир фуқаролар айрим камчиликлар, эътибор қаратишимиз лозим бўлган нарсаларни айтиб ўтмоқда. Ҳар биттасини ҳисобга олган ҳолда, камчиликларини бартараф этиб, одамларга қулайлик яратиш чоралари кўрилади.

Мана ҳозир эски автобус бекатини тиклаб беришни, ерости йўлларида чакки оққан ҳолатларни айтишди. Буларнинг ҳаммасини бартараф этганимиздан кейин, натижасини кўриб хурсанд бўлишади, деб ўйлайман.

Мен бу ерда ҳали янги ҳокимман, мендаги бор маълумотларга кўра, зарар етказилган дарахтлар илдизларига керакли ўғитлар берилиб, ҳаёти сақлаб қолинди. Бундан кейин яшаб қолишига умидвормиз”, – дейди туман ҳокими.

Маҳаллий аҳоли вакиллари бу кўчадаги автомобил йўлида гарчи чуқурлар кўп бўлмаса-да, йўл юзаси жуда нотекис бўлгани, таъмирдан кейин янги асфалт қопламаси билан йўл равон бўлганини айтишди.

Эслатиб ўтамиз, Чилонзор кўчаси таъмирлаш ишлари сабаб июл ойи охирида ёпилган эди. Ўшанда шаҳар аҳолиси жами 4 қаторлик бу йўл яна ҳам кенгайтирилишидан бехабар эди. Бу кенгайтириш оқибатида кўча юзидаги юздан ортиқ кўп йиллик дарахтнинг илдизига зиён етказилгани 6 августга келиб резонансга сабаб бўлди.

Воқеа ортидан туман ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилиб, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди. Лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, йўл кенгайтирилмайдиган бўлди.

22 августда Чилонзорга янги ҳоким, прокурор ва ички ишлар бошлиғи тайинланди.

8 сентябрга келиб, яна шу Чилонзор кўчасида қурувчи ташкилот тўғридан тўғри тақиққа қарамай, 58 туп дарахтни кесиб ташлади.

Мавзуга оид