15:43 / 14.09.2022
6312

Қримда тўрт киши украинча қўшиқ учун қамалди

Ресторанлардан биридаги тўйда меҳмонлар украин тилида қўшиқ куйлаган. Зиёфат залининг эгаси 15 кунга қамалди, байрамнинг бошқа баъзи иштирокчилари ҳам қамалди ёки жаримага тортилди.

Фото: Reuters

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда Бахчисарой туман суди олти нафар тўй иштирокчисини украин тилида қўшиқ куйлагани учун маъмурий жавобгарликка тортди. Бу ҳақда 14 сентябр, чоршанба куни суд сайтида хабар берилди. Воқеа «Арпат» ресторанида 10 сентябр куни меҳмонлар «Червона калина» қўшиғини ёқиб қўйганида содир бўлган.

Суд жараёни натижасида банкет залининг эгаси 15 кунга қамалди, дижей ва раққоса ҳар бири 10 кунга, куёвнинг онаси 5 кунга қамалди, келиннинг онаси 40 минг рубл, ресторан эгасининг рафиқаси - 50 минг рубл миқдорида  жаримага тортилди. Уларнинг барчаси «нацистлар атрибутикаси ёки белгиларини тарғиб қилиш» (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.3-моддаси 1-қисми) ва Россия армиясини «обрўсизлантириш» (Маъмурий жавобгарлик кодексининг 20.3.3-моддаси 1-қисми) моддалари бўйича айбдор деб топилди. 

Суд украин тилидаги «Червона калина» қўшиғини армияни «обрўсизлантириш» деб топди. Судга кўра, у «Россия ҳудудида фаолияти тақиқланган Украина миллатчилари ташкилоти (УМТ) томонидан фойдаланилади», шунинг учун ушбу қўшиқ «Россия қуролли кучларини обрўсизлантириш ҳақидаги маълумотни ўз ичига олади». 

«2022 йил 10 сентябр куни Бахчисарой шаҳрида жойлашган «Арпат» банкет залидаги тўй чоғида украинча қўшиқ оммавий эшиттирилган, эксперт хулосасига кўра, бу қўшиқ фаолияти экстремистик деб тан олинган ва Россия ҳудудида тақиқланган украин миллатчилари ташкилоти (УМТ) жанговар қўшиғи ҳисобланади», - дейилади суд сайтида. 

Бир кун аввал Бахчисарой маъмурияти ресторанни текшириш учун ёпган эди. 11 сентябр куни ижтимоий тармоқларда меҳмонлар «Червона калина» украинча қўшиғига қўшилиб куйлаган тўйдан видео пайдо бўлди.

Қрим раҳбари Сергей Аксёнов бундай тадбирлар ташкилотчилари ва иштирокчилари жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди. «Аниқланган барча фактлар ва оммавий тадбирларда Украина шиорлари айтилаётгани, қўшиқлар ва миллатчилик мадҳиялари куйланаётгани ҳақидаги тезкор маълумотларга кўра, улар жиноий қонун бўйича жазоланади», - деди расмий.

«Бундай хатти-ҳаракатлар мамлакатимизга ва бугун ўз ҳаёти эвазига дунёни ҳимоя қилаётганларнинг барчасига хиёнатдир. Украина нацистлари режимини қўллаб-қувватлаётганлар учун эса ўзлари жуда яхши кўрган мамлакатга кетиш оқилона ва мантиқий бўлар эди», - деди Аксёнов.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top