09:02 / 16.09.2022
3349

Лондонда Ўзбекистон савдо уйи очилиши мумкин

Лондонда Британия-Марказий Осиё бизнес кенгаши уюшмаси асосчиси билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси “Британия-Марказий Осиё бизнес кенгаши” уюшмаси асосчиси Дариус Насими билан учрашув уюштирди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Унда Д.Насимининг Ўзбекистонга сафари натижалари юзасидан ўзаро фикр алмашиш ҳамда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Британия бозорига экспорти ҳажмларини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Д.Насими Ўзбекистон тўқимачилари билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш учун қуйидаги таклифларини билдирди:

  • биринчидан, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси раҳбарияти Буюк Британияга сафарларини ноябр-декабрда ташкил қилиш ва унинг доирасида Британия ишбилармон доиралари вакиллари учун соҳа инвестиция ва экспорт салоҳияти тақдимотини ўтказиш;
  • иккинчидан, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Лондон шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини ва шоу-румини очиш, Британия ўрта ва кичик бизнес вакиллари ҳамда корпоратив мижозлар буюртмаларини Ўзбекистонда жойлашган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга юбориш;
  • учинчидан, Ўзбекистон ҳудудларидан бирида Британия ва Европа мамлакатлари бозорига мослаштирилган юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш ва шу мақсадда инвестиция жалб этиш;
  • тўртинчидан, Самарқанд ва Бухоро ҳокимликлари томонидан Британия компаниялари учун алоҳида тақдимотлар ташкил этиш ва ушбу ҳудудлардаги корхоналар Лондон, Бирмингем ва Манчестер шаҳарлари ишбилармон вакиллари билан тўғридан тўғри кооперация алоқаларини ўрнатиш.

Д.Насими ўзи олиб борган маркетинг изланишлари натижаларига кўра, ўзбек тўқимачилик соҳасини мамлакат иқтисодиёти “ўсиш драйверига” айлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигига амин бўлганини маълум қилди. 

“Бунга Ўзбекистонда йирик хомашё базаси мавжудлиги, мамлакат ҳукумати жабҳани янада ривожлантириш учун кўраётган чора-тадбирлар ва Британия имтиёзлар умумий тизими кенгайтирилган схемасида бенефициар-мамлакати мақомини берилиши муҳим аҳамият касб этади”, деди у.

Top