Ўзбекистон | 08:45 / 16.09.2022
8863
2 дақиқада ўқилади

Саудия компаниялари Ўзбекистонда ерни ижарага олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмоқчи

Ўзбекистон экспортчилари Саудия ишбилармонлари билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консуллиги томонидан Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Жиддада Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлари йиғилиши ва В2В форматидаги учрашувлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Саудиялик ишбилармонлар ўз компаниялари фаолияти билан таништирар экан, Ўзбекистон маҳсулотларини Саудия Арабистонига экспорт қилиш имкониятлари ҳақида тўхталди.  

Саудия Арабистонидаги Establishment Bazar Asia For Trading компанияси директори Амин Закарият Хўжа Ўзбекистондан 4,5 тонна кулолчилик маҳсулотларини (совғалар) подшоҳликка олиб келгани тажрибасини иштирокчилар билан ўртоқлашди.

Шундан сўнг икки давлат ишбилармонлари ўртасида В2В форматидаги учрашувлар ўтказилиб, ўзаро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Жидда Савдо-саноат палатаси халқаро ҳамкорлик бўлимининг бошлиғи Муҳаммад ас-Сафҳ ўзбекистонлик экспортчиларга барча саудиялик импортчи компаниялар алоқа маълумотларини юборишини айтди. Шу тариқа, Ўзбекистон ишбилармонлари саудиялик бизнесменлар билан тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатишлари мумкин бўлади.

В2В учрашувлари чоғида Ўзбекистон экспорт маҳсулотларини Саудия Арабистонига олиш келиш ва тарқатиш масаласи подшоҳлик Leisure Cargo ва Logistic компанияси вакиллари билан ҳам ўрганиб чиқилди.

Бошқа турли компаниялар билан Ўзбекистондан қуруқ ва ҳўл мевалар, спорт буюмлари ва турли ўғитлар экспорти, мамлакатда ер майдонини ижарага олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш имконияти ҳамда турли йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Мавзуга оид