Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ давлатлари Россияда инсон ҳуқуқлари бузилишини фош қилиш ниятида
Европа иттифоқига аъзо барча давлатлар, Венгриядан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидан Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатиш учун эксперт тайинлашни сўрайди.
Европа иттифоқининг бир гуруҳ давлатлари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига Россиядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни кузатиш учун мустақил эксперт тайинлаш илтимоси билан мурожаат қилишга келишиб олди. Бу ҳақда 15 сентябр, пайшанба куни AFP, Reuters ва AP ахборот агентликлари манбаларга таяниб хабар берди.
Уларга кўра, бир неча ҳафта давом этган қизғин муҳокамалардан сўнг, Венгриядан ташқари Европа иттифоқига аъзо 26 давлат пайшанба куни бўлиб ўтган ёпиқ мажлисда Россия бўйича янги махсус маърузачининг кенгаш томонидан маъқулланишини назарда тутувчи резолюция лойиҳасини ишлаб чиқишга қарор қилди. Люксембург ҳужжатни илгари суришда етакчилик қилишга рози бўлди.
Шу ҳафта бошида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада ал-Нашиф Россия ҳукумати Россиянинг Украинага қарши уруши мухолифларини таъқиб қилиб, қўрқитаётгани ҳамда сўз ва йиғилишлар эркинлигини чеклаш бўйича қўшимча чоралар кўраётганини айтди.
24 феврал куни Украинага қуролли босқин бошланганидан кейин Россия БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқариб юборилди. Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кенгашни Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши эҳтимолий ҳолатларини текшириш учун мустақил орган тузишни талаб қилувчи резолюция қабул қилишга чақирди.
Россияда Украинага бостириб кириш бошланганидан бери урушга қарши намойишларнинг 16 мингдан ортиқ иштирокчиси қўлга олинди, армияни обрўсизлантириш маъмурий моддаси бўйича уч мингдан ортиқ баённома тузилди, Россия армиясига қарши «фейклар» моддаси бўйича юздан ортиқ жиноий иш қўзғатилди.
Ўнлаб одамлар, жумладан Владимир Кара-Мурза ва Иля Яшин каби таниқли сиёсатчилар ҳибсга олинган. Минглаб сайтлар блокланган.