08:47 / 16.09.2022
10442

Европарламент Венгрияни электорал автократия деб эълон қилди

Европарламент Европа комиссиясини шошилинч чора кўришга чақириб, Венгрияни «энди демократик давлат деб ҳисоблаш мумкин эмас» дея маълум қилди.

Фото: euronews

Европарламент (ЕП) аъзолари Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳукуматининг Европа қадриятларига путур етказиш бўйича «қасддан ва тизимли ҳаракатлари»ни қоралади. 15 сентябр, пайшанба куни чоп этилган пресс-релизда «Венгрияни энди тўлақонли демократик давлат деб ҳисоблаш мумкин эмас», дейилади.

«Европа иттифоқи томонидан қатъий чоралар кўрилмагани «электорал автократиянинг гибрид режими», яъни сайловлар ўтказиладиган, лекин демократик меъёрлар ва стандартларга ҳурмат бўлмаган конституциявий тизимнинг пайдо бўлишига ёрдам берди», - дейди евродепутатлар.

Пайшанба куни 433 овоз ёқлаб, 123 овоз қарши бўлиб, 28 овоз бетараф қолган ҳолда қабул қилинган ҳужжат ЕП 2018 йилда Европа иттифоқи қадриятларига таҳдид бўйича Венгрияга қарши 7-модда процедурасини бошлаган ҳисоботга асосланади. 

«Ушбу ҳисоботнинг хулосалари аниқ ва қайтарилмас: Венгрия демократик давлат эмас. Венгрияда қонун устуворлигидан чекинишнинг даҳшатли суръатини инобатга олган ҳолда, парламентнинг бу позицияни эгаллаши ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», деди ЕП маърузачиси Гвендолин Делбос-Корфилд. 

Европарламент депутатларининг фикрича, ЕИнинг Венгриядаги вазият ривожланишига нисбатан ҳаракатсизлиги демократик қадриятлар соҳасидаги орқага қайтишни янада кучайтирди. Улар Европа комиссиясини ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланишга чақирди. 

Хусусан, депутатлар мамлакат иқтисодиётини инқирозга қарши тиклаш учун ажратилган маблағларни бермасликни талаб қилишди. Европа парламенти, шунингдек, Венгрия ЕИ тавсияларини, Европа иттифоқи суди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини бажармагунча, бирдамлик фондларидан тўловларни қайта кўриб чиқишга чақирди. 

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто журналистларга Европарламент бошқа масалалар билан шуғулланиши ва «Венгрияга қарши ҳар хил ёлғон айбловларни» такрорламаслиги кераклигини айтди. У демократиянинг шубҳа остига қўйилишини «Венгрия фуқароларига нисбатан қўпол ҳақорат» деб атади. 

Top