Жаҳон | 08:59 / 17.09.2022
10509
2 дақиқада ўқилади

Ереван Озарбойжон қуролли кучлари 7,5 км масофага кириб келганини маълум қилди

Ереван Озарбойжон қуролли кучлари 7,5 км масофага кириб келгани ҳақида хабар берди. Жанглар бошланганидан бери 130 дан ортиқ арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, Боку 77 киши ҳалок бўлганини хабар қилди.

Фото: AFP

Озарбойжон қуролли кучлари Арманистон ҳудудига кириб, чегарадаги Жермук шаҳри томон 7,5 километр олға силжиди, деб хабар берди Арманистон Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Эдвард Асрян 16 сентябр, жума куни. 

13 сентябр куни ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Жермук шаҳридан Озарбойжон чегарасигача масофа 12 км атрофида бўлган. «Ҳозирда рақиб кучлари Жермук шаҳридан 4,5 км узоқликда», - деди Асрян. Унинг сўзларига кўра, Озарбойжон қуролли кучлари Сюник вилоятидаги Неркин Анд аҳоли пункти ва Гегаркуник вилоятидаги Шўржа йўналишида ҳам бир-икки километр ичкарига кирган.

Озарбойжон Қуролли кучлари Арманистон ҳудудига жами олти йўналиш бўйича кирди, деб хабар қилди Бош штаб. «Баъзи ҳудудларда бир қанча жанговар позицияларни йўқотдик, рақиб эса катта бўлинмаларда мудофаамизга чуқур киришга муваффақ бўлди. Баъзи ҳудудларда рақибни дастлабки позицияларига қайтаришга муваффақ бўлдик», - деди Асрян. Бундан ташқари, Ереван Озарбойжон Еревандан 125 км шарқда жойлашган Мартуни шаҳрини ўққа тутаётгани ҳақида хабар берди. 

Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Арманистон томонидан 135 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, бироқ уларнинг сони ўсишда давом этиши мумкин, деди бош вазир Никол Пашинян. Боку ўз томонидан 77 ўлим ҳақида хабар берди. 

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги кескинлашув 13 сентябрга ўтар кечаси бошланди. Ереван Бокуни чегарадаги шаҳар ва қишлоқларни ўққа тутишда айблади. Боку отишма Арманистоннинг «кенг кўламли провокацияси»га жавоб бўлганини билдирди. 15 сентябр, пайшанба куни томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. 

Арманистон расман ёрдам сўраб Россия ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларга мурожаат қилди. Бунга жавобан КХШТ «мавжуд вазиятни баҳолаш» учун ўз миссиясини юборишга қарор қилди. 

Мавзуга оид