Жамият | 18:21 / 18.09.2022
18326
14 дақиқада ўқилади

Оёғимизга тушов бўлаётган раҳмдиллик: Тамагирни ишдан ҳайдатиб маҳалласида юзи қора бўлган йигит ҳикояси

Сиз ўз ишига масъулиятсиз, тамагир ёки порахўр бўлган бирон кимсанинг ишдан олинишига сабаб бўлганмисиз? Йўқ дейсизми? Унда шу ишни бир қилиб кўринг, маҳаллангизда ёки яшаётган музофотингизда номингиз қора бўлади. Энг аввал «порахўрлик ва коррупция авж олди, давлатнинг ва фуқароларнинг ҳаққини ейиш кўпайди» дейдиганларнинг айримлари сизни қоралайди. Ҳатто, кўча-кўйда бетингизга сўкиб қолиши ҳам мумкин.

Бугун жуда кўпчилик турли ташкилотларида коррупция урчигани, порахўрлик ва тамагирлик, фуқароларнинг ҳамда давлат пулларини ўзлаштириш авж олгани ҳақида гапиради, ёзади. Аммо ўрни келганда бундай салбий иллатларга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини айтсангиз уларнинг энсаси қотади. Шунингдек, коррупцион ҳолатларга ёки тамагирликка дуч келганда бу ҳақда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилиш лозим бўлганда фуқароларнинг аксарияти ўзини тортади.

Яқинда, Қашқадарё вилоятида яшовчи ўқитувчилардан бири мурожаат қилиб Чироқчи ва Кўкдала туманида жойлашган айрим мактабларда ишга кириш билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар авжига чиққанини билдирди.

Маълум бўлишича, ҳар икки туманда педагоглар етишмайди ва аксарият ўқитувчилар бошқа жойлардан келиб дарс беришади. Ҳар йили кимдир бўшаб кетади, яна кимдир унинг ўрнига келади. Ана шундай ҳолатда айрим директорлар ўзларидан иш сўраб келган ўқитувчиларга очиқчасига «фалон пул берсанг ишга оламан» деб шарт қўймоқда экан.

Мурожаатчининг билдиришича, директорлар ўқитувчиларнинг фани, уларга ажратиладиган дарс соатларига қараб 200 дан 500 долларгача пул сўрашяпти.

Гап орасида мурожаатчи «Шу муаммони мақола қилиб чиқарсанглар бўлмайдими?» деб қолди. Унга Ўзбекистонда айрим ташкилот раҳбарлари томонидан янги ходимни ишга қабул қилишда пул тама қилиш борлигини, бу янгилик эмаслиги ва буни барча билишини, бундай ҳолатда энг тўғри йўл ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилиб, пора сўраётган ёки пул талаб қилаётганларни ушлаб бериш эканлигини айтдим.

Бу гапимдан кейин мурожаатчи иккиланиб қолди. Сўнг ўқитувчи сифатида бундай қила олмаслигини, директор тамагир бўлса-да аввало ўқитувчи эканини ва у ўз ҳамкасбини бундай тарзда «сотмаслигини» маълум қилди.

«Ўқитувчи директорни ушлаб берса, кейин бу мактабда қандай ишлайди? Мактаб жамоаси кейин унга ола қараб, уни умуман ёқтирмай қўйишади. Ўзи ҳам уларнинг кўзига қандай қарайди?» деди у. Шу жойда у билан хайрлашдик.

Очиғи, ўзи порахўрлик ва коррупцияга қарши бўлган ўқитувчининг пора ёки пул тама қилиб жиноятга йўл қўяётган ҳамкасбига раҳми келаётгани мени ўйлантириб қўйди.

Агар бошқалар ҳам шу тарзда раҳмдиллик қилаверса, унда бизда порахўрлик ва тамагирликни, коррупцияни на камайтириб, на йўқотиб бўлади.

Иккинчи томондан, ўз ҳамкасбини «сотишни хоҳламаётган» ўқитувчини ҳам тўғри тушунса бўлади. Ўқитувчи ишга кираётган жойида ўзидан пора сўраётган директорни ушлаб берса, кейин аниқ уни ўша мактаб жамоаси у ерга сиғдирмайди. Чунки «сотқинлар» кимга ҳам ёқади дейсиз. Буни мурожаат давомида ўқитувчининг ўзи ҳам тасдиқлаб турибди.

Айнан шу мисолга исталган соҳани қўйиб кўриш мумкин – банк ходими банк ходимини, солиқчи солиқчини ҳеч қачон сотмайди. Ҳа шундай, барча порахўрлик ва тамагирлик авж олганидан, ишга пора бермасдан кириб бўлмаслигидан ёзғиришга уста. Аммо шу иллатларга қарши курашишга келганда ўзини четга тортади.

Шу ўринда, бир неча йил аввал электрон почтамга келган мактубни эсладим. Уни ўзгартиришларсиз эътиборингизга ҳавола қиламан.

«Сиз ўз ишига масъулиятсиз, тамагир ёки порахўр бўлган кимсани ишдан олинишига сабаб бўлганмисиз? Йўқ дейсизми? Унда шу ишни бир қилиб кўринг, маҳаллангизда ёки яшаётган музофотингизда номингиз қора бўлади.

Энг аввал «порахўрлик ва коррупция авж олди, давлатнинг ва фуқароларнинг ҳаққини ейиш кўпайди» деб оғиз йиртаётганларнинг айримлари сизни қоралайди. Ҳатто кўча-кўйда бетингизга сўкиб қолиши ҳам мумкин.

Қолаверса, сиз туфайли ишдан бўшаган одам халқнинг ҳаққини еб юрган пайтида қанчалик осмонда бўлса, ишидан айрилгач, шунчалик хокисор бўлиб оладики, шундай пайтларда уни ишдан ҳайдатганингизга минг афсуслар чекасиз.

Шунингдек, нопок ходим ишдан ҳайдалгандан кейин уйида қариб қолган ота-онаси, қарамоғида ёш болалари борлиги эсига тушади ва шуларни пеш қилиб барчанинг раҳмини келтиради. Оқибатда, у эмас, сиз атрофдагиларнинг кўзига олабўжи бўлиб кўрина бошлайсиз.

Ана шундай пайтда «Ҳой ноинсоф, нафсингга эрк бермасанг ва инсоф билан ишласанг бўлмасмиди?!» деб юборганингизни ҳам билмай қоласиз.

Яқинда менинг ўзим шундай ҳолатга тушдим. Нафақат ота-онамнинг, балки бутун қишлоқдаги аксарият пенсионерлар ва нафақахўрнинг пулларидан ўғирлаб юрган банк ходимининг ишдан ҳайдалишига сабаб бўлиб, қишлоқдошларимнинг нафратига йўлиқдим.

Бир неча кун олдин, ота-онамнинг пенсиясини тўлиқ беришяптими деб текшириб кўрсам Халқ банки ходимлари ота-онамнинг пенсия пулидан 18 минг сўм кам бериб кетибди. (Мактуб йўлланганига қарийб 4 йил бўлган, унда 18 минг сўмга 20 та буханка берарди – муаллиф изоҳи) Кассир бошқа жойдан, уни назорат қиладиган ходим (назоратчи) маҳалладошимиз.

Бир неча марта кўзим тушганди, қишлоғимизда пенсия ва нафақа пулларини тарқатиш пайтида қоидаларга зид равишда кассир қолиб маҳалладошимиз бўлган назоратчи пул санарди. Демак пулни ўша кам берган.

Назоратчининг ўз маҳалладошини «талагани» менга ёмон таъсир қилди. Телефонимдан Халқ банкининг сайтига кириб, банк бошқарув раисига ходимлар ота-онамнинг пенсия пулини кам берганини билдириб, шикоят ёзиб юбордим.

Айнан шу жойда на кассирнинг, на назоратчининг исм-шарифини ёзмадим. Пулни ким олиб қолганини билсам ҳам улардан бирини аниқ айбдор сифатида кўрсатмадим.

Эртаси куни эрталаб маҳалладошим, назоратчи уйимга қидириб келди ва салом йўқ, алик йўқ, «Нима қилиб қўйдингиз, ака?» дейди. Кейин Халқ банки туман бўлимига бориб келайлик деб илтимос қилишга ўтди. Бошлиғи устидан шикоят тушганини, уни ёпиш учун мурожаатчини олиб бориши кераклигини айтибди.

Банкда бошлиғига бўлган воқеани айтиб бердим. Ўша жойда маҳалладошим кассирни айблаб вазиятдан чиқишга уринди, аммо кассир ҳам анойи эмас экан, «бунинг қишлоғига борганимизда пулни ўзи тарқатади» деб қолди. Буни эшитиб назоратчининг боши эгилди.

Шундан сўнг мен маҳалладошимни ишдан ҳайдатиш учун шикоят қилмаганимни, унга интизомий жазо берилса етарли бўлишини ёзиб бердим.

Ўша куни кечроқ маҳалладошим қўнғироқ қилиб, барибир ишдан ҳайдаб юборишганини, «арзимаган пул» деб тўғри иш қилмаганимни айтди. Уни ишдан ҳайдатиш мақсадим бўлмаганини яна такрорладим. Барибир хафа бўлиб қолди.

Орадан бироз ўтиб у мени яна безовта қила бошлади. Худди менинг гапим билан уни қайта ишга олишадигандай яна бориб бошлиғига учрашимни илтимос қиларди...

Шундай пайтларда «Инсоф билан ишласанг бўлмасмиди?» десам «Ака, хато қилдим, кечиринг» дейишдан бошқа гапни билмайди. Ҳар гал қўнғироқ қилганида ўзини бирам бечораҳол қиёфага солиб олади, унинг ишдан ҳайдалишига сабабчи бўлганим учун хижолат бўлиб кетаман.

Айниқса, унинг отасига кўзим тушиб қолганда хижолат бўлиб, яширинишга жой тополмай қоламан. «Ўғлингизга кўпни ҳаққини ейиш ҳаром эканлигини ўргатмаган экансиз-да. Жилла қурса кечки пайтдан ишдан қайтишида кўтариб келган нонини қайси пулга олганини сўраб турсангиз бўларди. Ҳаром луқма томоғингиздан қандай ўтяпти?» деган гапларни юзига айта олмайман, ичимда қолиб кетади.

Қолаверса, ўшандан кейин ҳаётимдан ҳаловат йўқолди. Маҳаллада барча мени қўлини бигиз қилиб кўрсатадиган бўлиб қолди. Менга энг ёмон таъсир қилганини, шу ишни деб ота-онам ҳам анча озор топишди ва мендан қаттиқ хафа бўлишди.

Қишлоғимиз катта, бешта маҳалла бор. Аксарияти бир-бирини танийди. «Бугун фалончиникига маъракага боргандим. Бир уй аёл мени таниб, танимай сени қарғаб ўтирди. Бекор ишдан ҳайдатибсан-да ўшани», деб онам гапиради.

«Фалончаникида, маъракада жўрттага менга эшиттириб, «Кассиримиз яхши эди, пенсияни уйга олиб келарди. Уни фалончининг ўғли ишдан ҳайдатибди. Энди бошқаси уйга олиб келмаяпти, маҳалла идорасидан чиқиб олишга мажбур бўляпмиз», деб мени ҳам, сени ҳам қарғашяпти, сўкишяпти» деб отам гапириб қолади. Уларни гап-сўзга қолдирганим учун ич-этимни ейман.

Аниқлаганим шу бўлдики, маҳалладошим инсофини ва виждонини еб битирган экан. Маълум бўлишича, пенсия жамғармаси туман бўлими ногиронлар ва кекса ёшли қарияларни алоҳида рўйхат қилган ва уларнинг пенсия ва нафақаси уйларга етказилиши белгиланган. Қолганлар эса маҳалла идорасидан чиқиб олишлари керак экан.

Маҳалладошим эса танишининг машинасига ўтириб олиб, қишлоғимиздаги барчанинг пенсия ва нафақасини уйигача олиб борар, пулларни бераётганда ҳар бир одамдан 8-10 минг сўмдан ўғирларкан. Яна «уйингизгача олиб келиб беряпман» деб 5-10 минг сўмни сўраб олар экан.

Шу тариқа пенсияни маҳалла идорасига чиқиб олиши керак бўлган одамлар ҳам пулларни уйда олишаркан. Ҳисоблаб кўрсам қишлоғимизни ўзида камида 2-3 минг нафақа ва пенсия оладиганлар бор. Уларнинг ҳар биридан ўртача 5-10 минг сўмдан ўғирласа ёки тама қилиб сўраб олса ҳам жуда катта маблағ бўлиб кетади-ку!

Маҳалладошим ишдан ҳайдалгач бошқа кассир ва назоратчи пулларни маҳалла идораларида тарқата бошлади ва бу пулларни уйида оладиганларга малол келган. Шундан сўнг аввалги кассир шикоятим сабабли ишдан ҳайдалганини билгач мени қарғаб, сўкишга ўтишган.

Бир куни маҳалламизда яшовчи отахонлардан бири «Сен нотўғри иш қилдинг. Назоратчи пенсиямдан 10 минг сўм олиб қолишини билардим. Уйимга олиб келгани учун яна 10 минг сўм берардим. Давлат берган текин 1,5 миллион сўм, 20 минг олса менга камайиб қолмайди» деб қолди.

Унинг гапидан қаттиқ жаҳлим чиқди.

«Сиз 1,5 миллион сўм оласиз. Шу учун сизга 20 минг сўм пул эмас. Аммо 250-300 минг сўм пенсия оладиганларга минг сўм ҳам пул. Сиз шунақа қўли очиқ одам экансиз, давлат сизга текин пул бераётган экан, нега ўша муттаҳам назоратчи пенсиянгизни бераётганда «Болам, мана сенга 50 минг сўм, кам пенсия оладиган бева-бечоранинг бештасидан «хизмат ҳақи» учун пул олма демагансиз?» деб уришиб бердим. Индамай нари кетди.

Ўша кунларда бир тарафдан муттаҳам маҳалладошимни ёмон кўриб кетяпман. Иккинчи тарафдан одамларнинг гап-сўзи, ота-онамнинг мендан хафа бўлиши руҳиятимга ёмон таъсир қилаверди.

Айниқса, маҳалладошларимнинг «Ўзи маҳалламиздан 1-2 киши тузукроқ ишда ишлайди. Сен уларни қўллаш ўрнига бирини ишдан ҳайдатиб ўтирибсан, бошқалар пора олмаяптими, одамларнинг пулини ўзлаштирмаяптими? Ҳамма қиляпти шу ишни. Фалон қишлоқнинг одамларига қара, давлат ишида ишлайдиган ҳамқишлоқларини зўр қўллашади», деб кўзимни очиришмади. Охири бўлмади.

Ҳодисадан 2 ой ўтиб банкка яна бордим ва ноинсоф маҳалладошимнинг бошлиғига учраб, «Бу тавбасига таянди, илтимос, уни қайтиб ишга олинглар. Мен тинч яшай», дейишга мажбур бўлдим.

Аслида у эмас, мен тавбамга таяндим. Одамларнинг кўпнинг ҳаққидан ҳазар қилмаган назоратчи қолиб, унинг ишдан ҳайдалишига сабаб бўлган менга қилган муомаласига чидаб бўлмади.

Яна бир нарсани тушуниб етдим, аксарият одамлар бировнинг ҳаққини ейишни одатий ишга йўядиган бўлиб қолишибди. Бундай ҳолатда тамагирлик, порахўрлик, давлат ва одамларнинг ҳаққини ўзлаштириш каби салбий иллатларнинг тугаши уёқда турсин, камайишига ҳам умид қилиб бўлмайди».

Мактубни оққа кўчираётиб яна бир бор ўқир эканман, орада ўтган 4 йилда айтарли ҳеч нарса ўзгармаганини кўриш мумкин. Бугун ҳам аксарият одамларнинг пора беришга ва олишга, тамагирликка мойилликлари ортганини, бундай ёмон иллатларни оддий ҳол деб қабул қилишаётганини ва ва хотиржам қарашаётганини кўриш мумкин.

Шу ўринда, севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асарида келтирилган бир эпизод эсимга тушди.

Кечки пайт ишдан қайтган ота ҳовлида бегона қозиқни кўриб қолади. Кейин ухлаб қолган ўғлини уйғотиб, бегона қозиқни қаердан олганини сўраганида у ўтлоқдан топиб олганини айтади. Шундан сўнг ота қоронғи тушганига қарамасдан ўғлига қозиқни топиб олган жойига ташлаб келишни буюради.

Назаримда, бугун ўшандай бировдан пора сўраш ёки пул тама қилиш, одамларнинг ҳаққини ўзлаштириш уёқда турсин, топиб олинган нарсадан ҳам ҳазар қиладиган оталар камайиб кетди. Оқибатини эса кўриб турибмиз...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид