АҚШ ҳукумати ўтган йил ёзида «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши ортидан афғонистонлик ҳарбийлар олиб қочган 50 га яқин ҳарбий самолёт ва вертолётларни Ўзбекистон ва Тожикистонда қолдириш бўйича музокаралар олиб бормоқда, дея хабар бермоқда Politico ўз манбаларига таянган ҳолда.
«АҚШ томонидан Афғонистон ҳукуматига берилган ушбу ҳарбий техникалар тақдири бир йилдан кўпроқ вақт давомида мавҳум бўлиб қолаётган эди. «Толибон» ушбу ҳарбий самолётлар Афғонистоннинг мулки эканлигини таъкидлаб, уларни қайтариб беришни талаб қилди, аммо Ўзбекистон расмийлари ҳаво кемалари АҚШ мулки эканлигини ва қайтарилмаслигини маълум қилишди.
Афғонистон-Ўзбекистон муносабатларининг нозиклиги ҳамда Россиянинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва ҳарбий таъсири туфайли бу масала юзасидан омма олдида жуда кам гапирилади. Аммо парда ортида АҚШ расмийлари америкалик ҳарбийлар мавжуд бўлмаган минтақада ўз ўрнини эгаллаш учун самолётлардан таянч сифатида яширинча фойдаланишга уринмоқда», дея ёзади Politico.
Нашр манбасига кўра, АҚШ самолётларнинг парвозга яроқлилигини аниқлаш учун текширув ўтказишни режалаштирган. Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларини қўриқлашдаги хавфсизликни кучайтириш ва террорчиликка қарши кураш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш бўйича норасмий келишув доирасида ҳаво кемаларининг айримлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматига берилиши мумкин.
«Келишув узоқ муддатли истиқболда ўзаро разведка маълумотларини айирбошлашдан тортиб, Афғонистондаги террорчилар фаолиятини кузатиб бориш учун минтақавий плацдарм сифатида ушбу мамлакатларда қўшинлар ёки самолётларни жойлаштиришгача бўлган жиҳатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Байден маъмурияти буни амалга оширишга уриниб кўрган, аммо уддалай олмади. Иккала давлат ҳам Афғонистон билан чегарадош ва Яқин Шарқдаги Америка ҳарбийлари таянадиган базаларга нисбатан ушбу мамлакатга яқинроқ жойлашган. Аммо ҳозирда олиб борилаётган музокаралар Ўзбекистон ва Тожикистоннинг террорчилик тармоқлари ҳақидаги ахборотларидан фойдаланиш имконияти тўғрисидаги келишув имзоланишига қаратилган», дейилади мақолада.
Америка Мудофаа вазирлиги мансабдорининг қайд этишича, Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ушбу ҳарбий техникаларни қўлга киритишдан манфаатдор.
Нашр маълумотларига кўра, гап 46 та ҳаво кемаси ҳақида бормоқда. Улар орасида С-208 универсал самолётлари, А-29 Super Tucano енгил ҳужумкор самолётлари (штурмовик), Мi-17, Мi-25 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари бор. Бу афғон ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бўлган техникаларнинг қарийб 25 фоизини ташкил этади.










