Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қаршидаги боғчада неча нафар бола заҳарланди? Нега иккита ташкилот икки хил маълумот бермоқда?
Қаршидаги 32-сонли давлат боғчасида 50 нафар бола заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача таълим вазирлиги хабарга раддия эълон қилди. Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси эса 5 нафар бола заҳарлангани ҳақида маълумот бермоқда.
2022 йил 17 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги боғчалардан бирида 50 нафар болада овқатдан заҳарланиш кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ана шу хабарга Мактабгача таълим вазирлиги ва Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан икки хил, таъбири жоиз бўлса бир-бирига мутлақо тескари маълумот берилди.
Жумладан, 2022 йил 18 сентябр куни Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар бўйича РАДДИЯ эълон қилди.
Раддияда келтирилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қарши шаҳар бўлими бошлиғи С.Раджабов 20б/536 сонли хатида жорий йил 17 сентябрь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг 7-бўлимига Қарши шаҳар, “Қўрғонча” МФЙда яшовчи, Қарши шаҳридаги 32-давлат боғчаси тарбияланувчиси Х.Ш. ўткир диарея ташхиси билан ётқизилган.
«Эпидемиологик суриштириш давомида беморда ич кетиш, кўнгил айниш, ҳолсизлик, иситма кўтарилиши кузатилган. Айни пайтда беморнинг аҳволи яхши, даво муолажалари олиб борилмоқда», дейилади раддияда.
Шунингдек, С.Раджабовнинг хатида СЭО ва ЖСХ Қарши шаҳар бўлимига 32-давлат боғчасида тарбияланаётган болалар ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича тезкор хабарнома келиб тушмагани билдирилган.
Бугун, Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Қарши шаҳридаги 32-давлат боғчаси тарбияланувчилари заҳарлангани юзасидан МУНОСАБАТ билдирди.
Унда ёзилишича, 2022 йил 16 сентябрь куни соат 17:30 ларда Қаршидаги 32-сонли давлат боғчаси тарбияланувчиси, 2019 йилда туғилган Х.С.да қайт қилиш, ич кетиши, ҳарорат кўтарилиши каби клиник белгилар кузатилган.
17 сентябр куни бемор яқинлари томонидан хусусий клиникага ётқизилган. У ерда аҳволи яхшиланмагач, 19 сентябр куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган. Беморга “овқат токсик инфекциясига гумон” ташхиси қўйилган. Айни пайтда унинг аҳволи қониқарли, даво муолажалари давом эттирилаётгани таъкидланган.
Муносабатда маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Қаршидаги 32-сонли давлат боғчасида мутахассислар томонидан ўрганишлар олиб борилган. Унда аниқланишича, боғчада 245 нафар тарбияланувчи бор. Ўрганиш ўтказилган 20 сентябр куни муассасага келган 213 нафар тарбияланувчи тиббий кузатувга олинган. Уларда касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
«Қолган 32 нафар боланинг ота-онаси билан суҳбат ўтказилди. Қайд этилишича, 3 нафар бола шифохонада даволаниб чиққан, ҳозирда уй шароитида тиббий кузатувга олинган. 2 нафар тарбияланувчи вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Қолган 27 нафар тарбияланувчининг саломатлиги бўйича шикоятлари йўқ. Муассаса ва беморлардан лаборатория таҳлиллари учун олинган биологик материаллар, суткалик намуналар ва озиқ-овқат маҳсулотлари лаборатор таҳлиллари давом эттирилмоқда», дейилади муносабатда.
Мактабгача таълим вазирлиги 1 нафар тарбияланувчи заҳарлангани ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилганини айтиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга РАДДИЯ берганди.
Аммо Қашқадарё вилоят ССБ томонидан эълон қилинган муносабатда 3 нафар бола даволаниб чиққан ва ҳозирда уй шароитида тиббий кузатувга олинган, яна 2 нафар тарбияланувчи вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётгани маълум қилинган.
Бундан ташқари, 20 сентябр куни боғчага бормаган яна 27 нафар тарбияланувчининг ота-онаси билан суҳбат ўтказилгани ҳақида ёзилган.
Шу ўринда савол туғилади – нега иккита ташкилотнинг маълумотлари икки хил берилмоқда? Мактабгача таълим вазирлиги раддия бериб, нимани яширмоқчи бўлди? Нега вазирлик камида 5 нафар тарбияланувчи заҳарланганини (бу маълумот ҳам бироз шубҳали) билатуриб ўз раддиясида уларнинг сонини 1 нафар деб кўрсатди?
Одамларнинг оммавий заҳарланиши ҳолатларини камайтириб кўрсатиш аввал ҳам бўлганди. Жорий йил июл ойида Ургут туманидаги тўйхонада одамлар оммавий заҳарланган, туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда Бош прокуратура матбуот хизмати 2 киши овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилгани, бошқа гумонланганлар шифохонага олиб келингани ва аҳволи қониқарли бўлгани учун уйига жавоб бериб юборилганини маълум қилганди.
Аммо орадан 1 кун ўтиб, Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси 2022 йил 19 июл куни жами 33 нафар фуқаро бош оғриғи, кўнгил айниши, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиш, тана ҳарорати кўтарилиши каби касаллик белгилари билан Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилгани ҳақида хабар берди.
Хабарга кўра, 22 нафарига амбулатор шароитида тиббий ёрдам кўрсатилган ва уйига жавоб берилган, қолган 11 нафар бемор бир неча кун стационар шароитда даволанган. Бундан ташқари, тўйда иштирок этганлар яшаш манзили бўйича текширувдан ўтказилганда улардан 23 нафари овқатдан заҳарлангани аниқланган.
Мавзуга оид
16:51 / 30.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйга қайтди
13:53 / 29.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарда даволанаётган болалар сони 38 нафарни ташкил этмоқда
15:15 / 27.09.2025
Боғча болаларининг заҳарлангани юзасидан 7 киши қамоққа олинди
09:33 / 25.09.2025