– Гумонланувчи, айбланувчи ёхуд судланувчи тариқасида ушланган, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслар қийноққа солиниши билан боғлиқ ҳолатлар ҳалигача давом этаётгани ўзбек жамоатчилигини хавотирга солиб келаётган масалалардан биридир. Сўнгги икки-уч йилда ички ишлар ходимлари томонидан ушлаб келиниб, ИИБ биносидан ўлиги чиққан юртдошларимизнинг тақдири кишини ташвишга солмай қўймайди. Сизнингча, бу хавотирларда асос борми? Таклиф этилаётган чоралар муаммога ечим бўла оладими?
– Ўзбекистонда шахс эркинлиги ва дахлсизлиги устуворлиги “Инсон қадри учун” тамойили асосида давлат сиёсати даражасида эътироф этилаётган бўлса-да, инсон шаъни ва қадр-қимматини поймол қилишнинг энг оғир кўринишларидан бири – қийноққа солиш фактларининг ҳали-ҳануз жамиятимизда мавжудлиги мутлақо йўл қўйиб бўлмас ҳолдир.
Қийноққа солиш фактлари асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида кузатилади ва айтиш керакки, бу ҳолатларга йўл қўйишни мазкур органлар ходимларининг ўз вазифасига, бурчига хиёнат деб баҳолаш мумкин. Зеро уларнинг асосий функцияси – фуқароларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўлатуриб, улар қийноққа солиш каби тақиқланган усуллардан фойдаланиб, нафақат давлат органлари обрўйига путур етказадилар, балки фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи буткул йўқолишига сабаб бўладилар.
Мазкур жиноят оддий одамлар томонидан эмас, айнан давлат томонидан ваколат берилган мансабдор шахслар томонидан, одатда тергов органлари ходимлари томонидан жиноят иши бўйича ушланган шахслар, гумонланувчилар, айбланувчиларга нисбатан ёки айрим ҳолларда ҳатто уларнинг қариндошларига нисбатан ҳам содир этилади.

Қийноққа солиш – кўчадаги оддий уриш ёки дўппослаш эмас, бу мутасадди шахслар томонидан аниқ мақсадда, яъни шахсни бирон айбни бўйнига олиши учун мажбурлаш мақсадида ёки бошқа бир шахсга қарши кўрсатма беришга ундаш мақсадида унга жисмоний, руҳий ёки бошқа тарздаги босим ўтказиш ҳисобланади.
Охирги йилларда Ўзбекистонда қийноққа солиш жинояти ҳолатларининг ўсиши динамикаси катта бўлмаса-да, лекин қийноқларнинг ҳатто саноқли фактларига ҳам йўл қўйилиши мумкин эмас ва улар жамоатчиликнинг жиддий хавотирига асос бўлади. Жумладан,















