«Ўзбекистон ва Хитой мероси» экспозицияси ҳамда «Диний бағрикенглик» музейига фотосаёҳат
Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида «Буюк ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси» номли экспозиция ҳамда «Халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик» музейи очилди. Kun.uz мухбирлари ушбу маданий объектлардан фоторепортаж тақдим қилади.
Ўзбекистон ва Хитойнинг тарихий алоқаларига доир музей экспозицияси жойлашган бинонинг тарихи жуда қизиқ. 1899 йил Самарқанддаги Абрамов хиёбонида қурилган ушбу бино Россия - Хитой банкининг филиали бўлган. Самарқанд учун янгилик бўлган оппоқ бино Европа классик архитектурасига асосланган услубда қурилган эди.
Бинога кириш қисмини Хитойнинг ҳимоя тимсоли бўлган шерга ўхшаш иккита «Фу» итларининг ҳайкалчалари безаб туради.
Банк 1909 йил охирида тугатилиб, бошқа банкка бирлашиб кетади. Большевиклар тўнтаришидан сўнг у ҳам фаолиятини тугатади. СССР давридан бошлаб турли ижтимоий вазифаларни бажарган бино 2000 йилдан Самарқанд давлат университети ихтиёрига ўтган.
Айни вақтда бу бинода ҳукумат қарорига мувофиқ, Самарқандда ШҲТ Саммитини ўтказиш доирасида меҳмонлар учун кўргазма ташкил қилинган.
Музей экспозицияси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари билан ипакнинг асл ватани бўлган Хитой ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга асосий эътибор қаратилган.
Экспозициянинг бошланиши «Хуш келибсиз зали» деб аталиб, залга киришингиз билан Хитой файласуфи Конфуций ва ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг ҳикматларига гувоҳ бўлиш мумкин.
Конфуций: Уч нарса ҳеч қачон қайтиб келмайди: вақт, сўз, имконият. Шунинг учун вақтни бой берманг, сўзларни танлаб ишлатинг, имкониятни сира бой берманг. Уч йўл илмга етаклайди: тафаккур йўли – энг эзгу йўл, тақлид йўли – энг осон йўл, тажриба йўли – энг аччиқ йўлдир.
Алишер Навоий: "Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқдир халқ ғамидан ғами".
Шунингдек, бу ерда турли тарихий даврларда Хитой чинниси таъсирида яратилган ўзбек кулолчилик маҳсулотлари ҳам бор.
Кўргазманинг марказий экспозицияси Хитойда унумдорлик ва бойлик рамзи бўлган тут дарахтидан иборат. Бу ерда ипакнинг келиб чиқиши ҳақидаги афсона ва пилла тарихи билан танишиш мумкин.
Экспозициянинг яна бир муҳим қисми — Самарқандга кетаётган қайиқда хитойлик маликанинг тасвири асос қилиб олинган намойиш ҳисобланади. Бу композиция VII асрга оид бўлиб, хизматкор ва соқчилар ҳамроҳлигида қайиқда сузиб кетаётган хитойлик малика тасвирланган.
Ушбу манзара Афросиёб деворий сурати парчасининг нусхаси ҳисобланади.
Самарқанд шаҳрида ташкил этилган яна бир музей «Халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик» музейи эса кўп миллатли халқнинг қадриятга айланган фазилатларини намойиш қилади.
Экспозиция марказида «Дўстлик» ордени рамзи жойлаштирилган. Музейда шунингдек, Ўзбекистондаги миллий-маданий марказлар фаолияти ҳамда турли миллатлар қадриятлари акс этган атрибутлар мавжуд.
Музейда уруш йилларида турли миллатларга мансуб 14 нафар болани асраб олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган ҳайкал ҳам мавжуд.
Расмлар муаллифи:
Фаррух Абсаттаров ва Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024