Жаҳон | 07:38 / 23.09.2022
2840
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи янги санкциялари Россияга технологиялар экспортига тегишли бўлади

Европа иттифоқи Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги кучайишига тезкор жавоб беришга интилади ва қўшимча санкциялар устида ишламоқда. Технологиялар соҳасидаги шахслар ва жазо чораларининг янги рўйхати тақдим этилади.

Фото: Getty Images

Европа комиссияси Россия президенти Владимир Путиннинг сафарбарлик эълон қилганидан кейин Россияга қарши санкциялар бўйича янги таклифлар устида ишламоқда. Еврокомиссия вакили Эрик Мамер 22 сентябр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда янги қадамлар жуда тез қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Жисмоний шахслар ва ташкилотларга нисбатан индивидуал жазо чоралари, шунингдек, Европа иттифоқи Россияга экспорт қиладиган бир нечта технологиялар бўйича қўшимча экспорт назорати таклифи кўриб чиқилади, деди у Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйенга таяниб. «Бундай турдаги қўшимча санкцияларни қўллаш ўзини оқлайди, чунки биз Россия уруш даври иқтисодиётига қараб кетаётганини кўряпмиз», деди Мамер.

Россия нефти нархининг чегараланиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан, у бу мавзу G7форматида муҳокама қилинмоқда, чунки қарор жаҳон нефть бозорига таъсир қилади ва глобал даражада қабул қилиниши керак, деб жавоб берди. «Иттифоқчиларимизнинг розилигисиз санкциялар қўллаш мантиққа тўғри келмайдиган жиҳатлар бор. Шу сабабдан, бу можаро бошидан бошлаб, ЕИ ўзининг энг йирик давлатлари томонидан максимал даражада қўллаб-қувватланган ҳолда санкцияларни мувофиқлаштириб, жорий қилмоқда. Бу нефть соҳасидаги ҳар қандай мумкин бўлган ҳаракатларга ҳам тааллуқлидир», — деди Еврокомиссия вакили.

21 сентябр куни Европа иттифоқи мамлакатлари ва Украина ташқи ишлар вазирлари Россияда сафарбарлик эълон қилингани муносабати билан Нью-Йоркда норасмий фавқулодда йиғилиш ўтказди. Улар Россияга қарши қўшимча индивидуал ва тармоқ санкцияларини қўллашга, зарур бўлгунга қадар Россия агрессиясига қарши Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга қарор қилишди, деди Европа иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид