Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Жозибадор кредитга учиб онамни даволашга асраб қўйган пулларимни йўқотдим» – фирибгарлардан жабр кўрган сурхондарёлик йигит ҳикояси
Онамнинг Ҳиндистонда жигар трансплантацияси операциясини ўтказиш учун шундай таваккал қилиб, миллионлаб пулларимга куйиб қолдим», – дейди Kun.uz билан суҳбатлашган сурхондарёлик йигит.
«2 фоизлик чет эл кредитини узоқ муддатга олиш мумкинлиги ҳақида эшитдим. Телеграм орқали боғланган одам ўзини франциялик инвестор дея таништирди. Аввалига нотариус учун 99 доллар, ҳужжатларни расмийлаштириш учун 900 доллар тўлаганимга қарамай, суғурта учун яна 1100 доллар пулимни олишди. Етмаганига банкка депозит қўйишни ҳам талаб қилишди», деб ҳикоясини бошлади у.
«Жозибадор кредит таклифига учдим»
Бу кредит ҳақида бир танишимдан маълумот олгандим. Баъзилар олдинроқ шундай кредит олгани учун ишониб, таваккал қилишга қарор қилдим. Тўғриси, пул ўзимга ҳам жуда зарур эди.
Чет эл кредити масаласи пайдо бўлди, яъни 2 фоизлик узоқ муддатга ва катта суммада кредит. Менга телеграмдан манзил беришди, шу орқали кириб ёздим. Улар билан русча ёзишдим. Улар менга кредит олиш учун исм-фамилия, паспорт нусхаси каби шахсий маълумотлар сўралган эди. Ташлаб бердим. Шундан кейин улар мендан қанча суммада, қанча муддатга кредит кераклигини сўрашгач, кредит суммаси ва фоизларини кўрсатишди.
Кейинги қадамда менга ҳужжат тайёрлаб бериб, (нотариус учун) имзо чекиб, банкка йўналтиришни сўрашди. Имзо қўйганимдан кейин нотариус учун тўлов борлигини айтишди, тўлов — 99 доллар. Бу ҳақда эшитгандим, тўлов суммаси мен учун янгилик бўлмади ва шубҳали туюлмади.
Ҳужжатларни расмийлаштириш учун – 900 доллар, суғурта учун 1100 доллар…
Қизиғи, банк бўлишига қарамай, тўловни перевод (ўтказма) қилишни сўрашди. Исм-фамилия беришди, Африка давлатида яшовчи фуқаронинг исм-фамилиясини беришди. Биз пулни бир банк филиалидан жўнатганмиз — буни шеригим (кредит ҳақида менга айтган танишим) билан қилдик. Тўлов қилингани ҳақидаги маълумотларни уларга юбордик, «тўлов қабул қилинди ва маълумотларингиз банкка йўналтирилди, сиз билан WhatsApp’да боғланишади», деб айтишди.

Шундан кейин бизга WhatsApp’дан – «Best Cash» деган банк ходими алоқага чиқди. У «сизнинг ҳужжатларингиз тайёр бўлди, фақат ҳужжатларни расмийлаштириш учун бир қанча тўловлар мавжуд», деди. Бу учун 900 доллар пул тўлашим кераклигини ҳам айтди.
Кредит ҳақида маълумот олганимизда бу ҳақда ҳам эшитгандик. Бу тўловни ҳам қилдик, бу сафар бошқа шахснинг исм фамилиясини жўнатиб, пулни ташлашимизни айтишди. Банкка бориб ташладик, пулни ташлаганимиздан сўнг «24 соат ичида сизга код боради», деб браузер орқали ҳавола берди — бу ҳисобрақамимизни кўришимиз учун керак экан.
Ҳаволага кириб кўрганимизда ҳақиқатан номимда шунча пул борлиги кўриниб турарди ва трансфер (ўтказиш) тугмасини босганимизда, (пул ўтказиш) 15 фоизга борганда код сўради. Кодни 24 соат ичида оласиз дейишди, «хўп» деб кутдик.
Кечқурун қарасам, WhatsApp’дан хабар келган. Айтишдики, баъзи бир муаммолар бўлгани учун ҳужжатлар ҳимоя қилиш билан боғлиқ текширувдан ўтмади, чунки сиз ҳимоя пулини тўламаган экансиз, ҳимоя учун ҳам пул тўлаш керак. Бу банкнинг муаммоси эмас, бу суғурта ташкилотининг муаммоси, деган маънода ёзиб юборишибди. Ундан кейин баъзи саволлар бўлди, тортишдик, гапни айлантириб барибир кўндиришди…
Бошқа тўловлар йўқ, деб депозит учун маблағ қўйиш кераклигини айтишди
Шундан сўнг «бошқа тўловлар йўқми?» деб сўрадик, суғуртаси 1100 доллар экан. Комиссиялари билан 1000 доллардан кўпроқ пул тўлаб қўйганмиз, яна ўртада 1100 доллар чиқиб турибди! Тортишдик, бир-икки кун пулни ташламадик, кейин «отказ» қилсак, пулимизни қайтариб бермасликларини айтишди.
Тўлаган пулимизга куймаслигимиз учун яна 1100 доллар тўловни ўтказдик. Яна 24 соат ичида код боради, деган хабар келди. Шеригим билан пул ўтказганимни айтганимдан кейин улар мен бир ўзим эмас, балки шеригим борлигини билишди ва иккаламизнинг ҳужжатларимизни бир рақам остига бириктириб, суғуртага юборишганини (бу қанақа бўларкан, ҳайронман) айтишди. Шунинг учун тўловни ҳам биргаликда қилмасак, яъни бир киши қилиб иккинчи киши қилмаса, ўтмайди дейишди. Шеригим пули қолмагани учун «отказ» қилмоқчи бўлди, аммо мен таваккал қилиб давом этмоқчи эдим ва унинг ўрнига ҳам мен тўладим.
Эртаси куни шеригим ҳам пул ўтказди. Сўнгра «суғурта тўланди, энди 24 соат кутасизлар», дейилгач, эртасига банк кафолатига депозит қўйишимиз кераклигини ҳам айтишди. Бизга қандайдир ҳужжат жўнатди, яъни маълумотларимиз банкнинг ички хавфсизлик тизимидан ўтмаган экан. Шу нуқтага келганда тушуниб етдикки, бу — алдов.
Лекин афсуски, пулимизни қайтариб олиш учун яхши-ёмон гап билан тушунтирганимизда «алдамаяпмиз, шунақа қонун-қоидаси бор», дейишди. Хуллас, шу нуқтага келганда биз тўлов қилишни тўхтатдик.
«Moneygram» уларнинг ҳисобини фирибгар деб баҳолаб блоклабди
2300 доллар атрофида пулимга куйдим ва барибир негадир таваккал қилдим, чунки менга ўша пуллар жуда зарур эди. Пулни ўтказдим, аммо уларга тушмади. Негадир олишолмади. Шу жойи ҳам шубҳали бўлди, «бу манзилга жўнатмалар лимити тугади», деб кўрсатди.
Кейин билишимча, уларнинг ҳисобрақамини «MoneyGram» фирибгарликдан шубҳа қилиб блоклаган. Шунинг учун бошқа исм-фамилия беришди, унга ҳам тушмади, кейин «мен пулни юбордим, ололмаганинг сени муаммонг», деб бу ишни тўхтатдим.
Бу воқеа 15 сентябр куни бўлди, эртаси куни жума эди, банкка бормадим. Пулни ташлашга ҳам, қайтариб олишга ҳам иккиландим. Уларнинг 100 фоиз фирибгар ёки фирибгар эмаслигига иккиландим, чунки улардан пул олганлар ҳам бор. Аммо пул олганлардан сўрасак, улар фақат 99 доллар нотариусга ва 900 доллар банк ҳужжатларига тўлашган. Қолган депозит ва суғурта деган нарсаларга тўлашмаган.
Нима қилишни ҳам, пулимни қандай қайтариб олишни ҳам билмаяпман. Бошқаларга ҳам бундай қилмасликни маслаҳат бераман, кўпчилик алданяпти.
Пуллар онамни даволатиш учун керак эди
Нега бунча пулга таваккал қилди, деб ўйлаётгандирсиз. Сабаби, онамни Ҳиндистонга жигар кўчириш операциясига олиб кетиш учун пул йиғиб юрган эдик. Қарз олиб, ўзим йиғиб ярим пулни топгандим, аммо ярим пулини топа олмаётгандим. Аҳвол жуда оғирлашиб кетаётганди, бундан бошқа чорам бўлмагани учун, «бошқа одамлар олган-ку», деган ишонч борлиги учун таваккал қилгандим. Шу нарса мени алдаб қўйди, бунинг касрига йиғган пулим ҳам камайиб кетди. Ўзимдан 2300 доллар, шеригим учун ҳам шунча пул жўнатдим. Оғир аҳволга тушиб қолдим.
Фирибгарлик схемалар кўпаймоқда — француз банки
Франциянинг Crédit Agricole CIB корпоратив ва инвестиция банки Франция банклари номидан фирибгарлик схемалари кўпайиб кетаётгани ва уларга алданиб қолмасликдан огоҳлантирган.
Банк берган баёнотида шахсларнинг кредит беришга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини текширмасдан кредит таклиф қилишларига урғу беради. Аслида, банклар тўғри келган одамга жозибадор кредитлар таклиф қилмайди, аввал шахс эртага қарзни тўлай оладими-йўқми, ўзи у нега кредит сўраяпти, каби саволларга жавоб олиши керак.
«Вазиятга қараб, мақсадли шахсдан электрон почта ёки телефон орқали фирибгар билан боғланиш сўралиши мумкин. Фирибгарнинг мақсади — дастурни созлаш учун комиссия олишдир.
Ушбу тўловлар ариза учун тўловлар, нотариал йиғимлар, суд тўловлари, озод қилиш тўловлари, суд харажатлари ва бошқалар бўлиши мумкин. Кредит берилгунига қадар ушбу маблағлар олдиндан тўланиши керак. Тўлов одатда пул ўтказмалари компаниясига тўланиши керак. Тўлов амалга оширилгандан сўнг, маблағлар ҳеч қачон қайтариб берилмайди.
Фирибгар, шунингдек, кредит ёки кредит аризасини бериш ниқоби остида шахсий маълумотларингизни ўз ичига олган ҳужжатларни тақдим этиш учун сизни алдашга уриниши мумкин. Шуни ёдда тутингки, фирибгарлар ушбу маълумотлардан келгусида ноқонуний ҳаракатлар учун фойдаланишлари мумкин», — дея огоҳлантиради банк.
Тармоқларда Қозоғистон ва Россия фуқаролари ҳам йирик француз банкларидан кредит таклифларини олганликлари ҳақида ёзган. Фойдаланувчилар олдиндан аванс ва турли тўловлар талаб қиладиган банклар фирибгарлар экани, WhatsApp ва бошқа тармоқлардаги ёзишмалар орқали пул ундиришларидан огоҳлантиришган.
Хулоса ўзингиздан.
Мадина Очилова тайёрлади
Мавзуга оид
16:35
Талон-торож ва фирибгарлик учун “чиқиш эшиклари” торайди
18:38 / 19.06.2026
Ўзини Бош прокуратура ходими деб таништирган шахс миллиардлаб сўмлик фирибгарликда гумонланмоқда
13:12 / 18.06.2026
Президент янги молиявий механизмларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади
18:57 / 15.06.2026