Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги бўлажак қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Дастлаб Олимпия шаҳарчаси бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бу мажмуа 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини қабул қилади. Халқаро талабларга мувофиқ, шаҳарчада олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади.
Давлат раҳбари спорт мажмуаларининг универсал бўлиши муҳимлигини таъкидлади. Стадион ва бинолар тепасида қуёш панеллари ўрнатиб, энергияни тежаш, бўш майдонларда кўпроқ дарахтлар экиш бўйича тавсиялар берилди.
Тақдимотда “Янги Ўзбекистон” университети лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидан жой ажратилиб, ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт мажмуаси қурилиши лойиҳалаштирилган.
– Ихтисослаштирилган мактаблар – бизнинг заминимиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Уларда болаларимиз билимли, баркамол бўлиб вояга етади. Университет бу тизим давоми бўлиб, мамлакатимиз учун керакли, замонавий мутахассислар тайёрлайди. Шунинг учун бу ерда барча шарт-шароит, илғор методика бўлиши керак.
Давлат раҳбари бунёдкорлик ишларига кўпроқ маҳаллий қурувчиларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Маҳаллаларда стадион, ўйин майдончалари, кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом ва бошқаларни ўз ичига олган марказлар барпо этиш кўзда тутилган.
“Беш ташаббус” олимпиадаси спорт мусобақаларида 279 та маҳалла ғолиб ва совриндор бўлган эди. Ёшларга ҳам мукофот, ҳам рағбат сифатида, ушбу маҳаллаларда 3 хил – универсал, стритбол ва воркаут мажмуалари қурилади. Спорт инфратузилмаси йўқ яна 208 та маҳаллада ҳам стритбол ва воркаут майдонлари ташкил этилади.
Тошкентда Корея Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) кўмагида катталар учун тиббиёт маркази, онкология шифохонаси ва олий ўқув юрти қурилиши режалаштирилган. Бу учта мажмуа ҳозирги Болалар тиббиёт маркази билан бирга яхлит кластер ҳосил қилади. Унда ўқитиш ва даволаш бўйича Корея тажрибасига асосланган илғор тизим йўлга қўйилади. Шифохоналар жами 900 бемор ўрнига эга бўлади. Қурилиш ишлари 2023 йилда бошланади.
Мавзуга оид
18:36 / 15.11.2024
Бу йил қишда истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
16:20 / 14.11.2024