Ўзбекистон | 19:20 / 29.09.2022
45819
9 дақиқада ўқилади

Фуқаролар ўзларига тегишли ерларни хусусийлаштириши мумкин. Бу қандай амалга оширилади?

Ўзбекистонда ер хусусий мулкка айланмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлди. Kun.uz бу борадаги саволларга жавоб олиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ер ислоҳотларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Диёр Эргашев билан интервью ташкил қилди.

— Фуқаролар ўзларига тегишли ҳовли уйлар жойлашган ерларни қандай хусусийлаштириши мумкин?

— Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралда тасдиқланган 71-сонли қарорида кўзда тутилган. Фуқаролар хусусийлаштиришни икки шаклда амалга ошириши мумкин: давлат хизматлари марказига бориб ариза топшириш ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил тарзда ариза тўлдириш мумкин.

Аризалар ваколатли органлар томонидан инсон омилидан холи тарзда автоматик равишда 5 иш кунида кўриб чиқилади. Агар ваколатли орган бу аризани кўриб чиқиб, маъқул топса, аризачига ҳисобварақаси юборилади. Аризачи 10 календар кунида кўрсатилган миқдордаги тўловни тўлаши керак бўлади. Пул тўланган заҳоти беш дақиқа ичида мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери мулкдорга автоматик равишда тақдим этилади.

 Аризачи ерни хусусийлаштириш учун қанча маблағ тўлаши керак?

— Бу ерда мажбурият йўқ. Ерни хусусийлаштириш – ихтиёрий равишда амалга ошириладиган жараён. Қонун бўйича, базавий ставканинг карра миқдорида деб кўрсатилган. Карра миқдори ҳар бир квадрат метр учун ер солиғи базавий ставкасининг 20 баравари этиб белгиланган. Бу ставкалар Солиқ кодекси билан тасдиқланган.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида 6 сотих ер майдонини хусусийлаштириш 7-9 млн сўм атрофида бўлиши мумкин. Бу жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб ҳисобланади. Вилоятларда эса худди шунча майдонни 5-6 млн сўм билан хусусийлаштириш мумкин. Тошкент шаҳри учун алоҳида ва сал қимматроқ ставкалар белгиланган. Қолган ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб нархлар белгиланади.

 Ерни хусусийлаштириш фуқаролар ва тадбиркорларга қандай афзалликлар беради?

— Асосий афзаллиги – мулк дахлсизлигидир. Яқинда жамоат эҳтиёжи учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш борасида қонун қабул қилинди ва 1 октябрдан кучга киради. Унда компенсация эвазига қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бўйича ер участкаларини олиб қўйиш тартиби тасдиқланган. Бу қонуннинг 1-моддасида ушбу ҳужжат хусусийлаштирилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган. Яъни хусусийлаштирилган ер фақатгина унинг мулкдори билан келишилган ва мулкдор белгилаган нархда сотиб олингандан кейингина давлат ҳисобига тасарруф этилади.

Мисол учун, ўша ҳудудда ернинг бозор нархи 1 сўм бўладиган бўлса, мулкдор 10 сўм талаб қилишга ҳаққи бор. Яъни мулкдор белгилаган нархда ва унинг розилиги олинган ҳолдагина хусусийлаштирилган ер участкаси давлат ихтиёрига ўтказилади. Қолган ҳолатларда бундай имкониятлар мавжуд эмас.

Хусусийлаштиришнинг иккинчи афзаллиги – бу ердан гаров сифатида фойдаланиб, банклардан кредит олиш имконияти пайдо бўлади. Банклар хусусийлаштирилмаган, бўш турган ерларни гаров учун қабул қилмайди. Аммо бўш ер хусусийлаштирилган бўлса, уни банклар гаров ҳисобида қабул қилади ва керакли пул маблағини кредит тарзида тақдим қилиши мумкин.

Яна бир афзаллик томони, агар фуқаро ёки тадбиркорлар электрон онлайн аукцион орқали ерни мулк ҳуқуқи билан бирга сотиб оладиган бўлса, ҳисобланган пул маблағини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам мавжуд. Бу қонунчилик орқали тасдиқланган.

Хусусийлаштиришнинг афзалликлари миқдорий жиҳатдан кам бўлса ҳам, катта аҳамиятга эга. Сабаби бу қонуннинг ўзи инқилобий аҳамият касб этади. Авваллари давлат мулки ҳисобланган ер фуқаро ва тадбиркорларга бепул берилган ва керак вақтда жамоат эҳтиёжи учун компенсация эвазига олиб ҳам қўйилган. Баъзи бир фуқаролар айтиши мумкин, бу ер бизга ота-бобомиздан қолган, шу пайтгача, ҳеч ким тегмаган деб. Аммо ривожланиш бир жойда турмайди. Ўша олис ҳудудларга ҳам бир куни бу жараёнлар етиб боради ва ўша пайтда хусусийлаштирилган ер майдонлари дахлсизлиги сақланади.

 Хусусий ерни сотиш мумкинми?

— Мулкдор ерни эркин тасарруф қилиш имкониятига эга. Хоҳласа сотиши мумкин, хоҳласа ҳадя қилиши мумкин.

 Бу борада минимум чегара мавжудми? Масалан, бир сотих ерни 10 га бўлиб, 10 квадратдан сотмоқчи бўлса-чи?

— Ҳар бир мулкдор хусусийлаштирилган ер участкасини тасарруф этишда амалдаги шаҳарсозлик меъёрларига амал қилган ҳолда ёндашиши керак. Амалда шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд. Шундан келиб чиқиб, ерни ўнга бўлса ҳам, шаҳарсозлик жиҳатидан мумкин бўлса, уни бўлиб сотиши ёки ҳадя этиши мумкин.

 Қонунга кўра, хусусийлаштирилган ер участкасининг реквизиция қилиниб олиб қўйилиши мумкинлиги инвесторларни чўчитмайдими? Реквизиция деганда нима назарда тутилган, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунни реквизиция қонуни дейиш мумкинми?

— Аввалги таҳрирдаги қонунда национализация деган тушунча бўлар эди. Яъни жамоат эҳтиёжи учун компенсация эвазига хусусий ерни национализация тартибида олиб қўйиш мумкин эди. Бу сиз айтгандек, инвесторларни хавфга соладиган меъёр эди. Аммо хусусийлаштириш бўйича ривожланган давлатлар тавсиялари ва тажрибаларига, қолаверса, тадбиркорлар фикрига таянган ҳолда 2021 йил 17 январда янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди. Мана шу таклифлар инобатга олинган. Бу ҳужжатда национализация тушунчаси ҳам бекор қилинган.

Реквизиция деганда табиий офатлар ёки фавқулодда вазиятларда шу ерга эҳтиёж туғилса, ер муайян хавфни бартараф этиш ҳаракатларини амалга ошириш учун вақтинчалик олиб қўйилиши мумкин. Агар ана шу давр оралиғида мулкка зарар етадиган бўлса, унга компенсация тўлаб берилади. Келгусида ўша ер эгасига мулк ҳуқуқи билан қайтариб берилади.

 Хусусийлаштириш ер-мулк солиғи ошишига олиб келиши мумкинми?

— Бу солиқлар ошишига олиб келмайди. Чунки бу жараён фақат жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча имконият ва эркинликлар беради. Шунинг учун ҳам ерни хусусийлаштирган мулкдор хусусийлаштирилмаган ер эгасидан кўпроқ солиқ тўлаши кўзда тутилмаган.

Аксинча, келгуси режаларда хусусийлаштирилган ер эгалари учун нисбатан солиқларни арзонлаштириш таклифлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Агар бу таклифлар тасдиқланадиган бўлса, бу имтиёзлар ҳам амалга киритилиши мумкин.

 Ўзбекистондаги ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнида чет элликлар ҳам иштирок этиши мумкинми?

— Қонунчиликка асосан, ерни хусусийлаштиришда чет эл фуқаролари ва ташкилотларига бунақа имконият берилмаган, лекин хорижий инвесторлар учун ҳам дахлсизлик энг муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам вазирлик томонидан ҳукуматга хорижий давлат фуқаролари ва инвесторларга ҳам хусусийлаштириш имкониятини берувчи таклифлар киритилган. Агар бу таклифлар ваколатли органлар, ҳукумат ва депутатлар томонидан маъқулланса, бу хорижий инвестор учун ҳам хушхабар бўлиши мумкин.

Албатта, ҳозир уларга бундай имконият берилмаган, аммо иштиёқ ва хоҳишлари бор.

 Айтайлик, давлат мактаб, шифохона ёки шартли концерт зали қурмоқчи. Қурилиш мўлжалланган жойда иккита ҳовли жойлашган. Биринчиси хусусийлаштирилган, иккинчиси эса йўқ. Бунда ерни олиб қўйиш тартиби бир хил бўладими?

— Йўқ, бу тартиб бутунлай ҳар хил бўлди. Сиз санаб ўтган лойиҳалар жамоат эҳтиёжи учун керак бўладиган объектлар. Шундай экан, бу икки ҳовли учун турли хилдаги тартиб амалга оширилади. Агар хусусийлаштирилган ер эгаси бу қурилишга рози бўлмаса, уни амалга ошириш ҳуқуқий жиҳатдан мумкин эмас. Агар мулк эгаси бунга рози бўлмаса, қурилиш унинг атрофида бўлади ёки умуман қурилмайди.

Хусусийлаштирилмаган ерни олиб қўйиш учун эса компенсация асосида ерни олиб қўйиш механизми ишга тушади. Бу ҳам босқичма-босқич амалга оширилади.

 Қайси турдаги ерларни хусусийлаштириш мумкин эмас?

— Бу қонун билан аниқ кўрсатиб ўтилган. Яъни тарихий-маданий меросга тегишли бўлган ер участкалари, мудофаа ва хавфсизлик ҳудудларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш мумкин эмас. Улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Достон Аҳроров суҳбатлашди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид