Жаҳон | 14:55 / 29.09.2022
9640
2 дақиқада ўқилади

Германия Украина ҳудудида ўтказилган «референдум»ларни кескин қоралади

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россия қўшинлари томонидан Украинанинг ўзлари назорати остидаги ҳудудларида «референдумлар» ўтказилишини яна кескин қоралаб чиқди. 

Фото: AP

Бу «сохта референдумлар» чоғида одамлар ўз хонадонлари ва иш жойларидан қурол билан олиб чиқиб кетилиб, овоз беришга мажбур қилинган. Бу эркин ва адолатли овоз беришнинг мутлақо акси, деди Бербок Берлинда. 

У Россияни Украинага ўз шартлари асосида тинчлик битимини таклиф қилишга интилаётганликда айблади. Аммо Россия эгаллаб олинган ҳудудларда ўз назоратини ўрнатса-да, у ердаги фуқаролар хавфсиз ва эркин эмас, деди германиялик вазир. 

Ўз навбатида, Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россияда «қисман сафарбарлик» эълон қилинганидан кейин етти кун ичида, Украинага кенг кўламли босқиннинг бошида рус қўшинлари гуруҳига кирган ҳарбий хизматчилар сонидан кўпроқ одам мамлакатни тарк этган.

«Россияни тарк этишга уринаётганлар орасида бадавлатроқ ва ўқимишлилар одамлар устунлик қилмоқда», дея маълум қилди Британия Мудофаа вазирлиги Twitter’да. Маҳкаманинг таъкидлашича, сафарбар қилинган захирадагиларни ҳисобга олган ҳолда, «ақллар оқими» чиқиб кетишининг тезлашиши ва меҳнат ресурсларининг тобора камайиши Россия иқтисодиётига тобора кўпроқ таъсир қилади. 

Бундан олдин немис разведкаси Украинага рус қўшинларининг ҳаракати ҳақидаги маълумотни бераётгани ва Украинадаги рус аскарлари ўртасидаги ўзаро суҳбатларни ёзиб олаётгани хабар қилинганди.

ОАВ маълумотларига кўра, май ойидан бери BND Украина разведкасига Германия Россия билан ҳамкорликда ўтмишда орбитага чиқарган, Бундесверга тегишли SAR-Lupe разведка тизими ёрдамида олинган 100 дан ортиқ матнли ҳисобот ва сунъий йўлдош тасвирларини топширган. 

Ушбу маълумотлар, жумладан, Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудидаги рус қўшинларининг ўқ-дорилар омборлари жойлашган жойни ва «Россия самолётларининг аниқ жойлашуви ва сони кўрсатилган аэродромни» аниқлашга имкон берадиган тасвирларни ўз ичига олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид