22:46 / 30.09.2022
9787

Човушўғли АҚШнинг Кипрга қурол етказиб бериш борасидаги қарорига тегишли жавоб қайтарилишини айтди 

Унинг сўзларига кўра, Кипрдаги туркларни ҳимоя қилиш учун у ерга янада кўпроқ кучлар жўнатилади. 

Фото: Anadolu Agency

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Анқара Вашингтоннинг Никосияга қурол етказишга қўйилган тақиқни олиб ташлаш қарорига жавоб қайтаришини айтди.

Аввалроқ АҚШ Кипрга қурол етказиб беришга жорий этилган эмбаргони бекор қилганди.

«Биз АҚШнинг бу қарорига аниқ қадам билан жавоб қайтарамиз. Оролда кескинлик кучайишини истасангиз, биз ҳам керакли ишни қиламиз»,— деди Човушўғли. 

«Кипрдаги туркларни ҳимоя қилиш учун у ерга янада кўпроқ кучларни жўнатамиз ва қандай қуролга эҳтиёжи бўлса берамиз»,— деб таъкидлади у. 

«Қуролдан бошқа берадиган нарсангиз йўқми? Пул беринг. Эҳтиёжлари бор. Нега қурол беряпсиз? Бу қуролни кимга қарши беряпсиз?» дея савол берди Туркия ташқи ишлар вазири. 

Кипр икки қисмга бўлинган: орол ҳудудининг бир қисми Кипр Республикаси ҳукумати (асосан этник греклар яшайди), иккинчи қисми Шимолий Кипр Турк Республикаси (асосан этник турклар истиқомат қилади) ҳукумати томонидан назорат қилинади. 

Top