«Биз ўзимизнинг маҳаллий русларни таниймиз. Янги келганларни эса сумкалари, портфеллари, жомадонларидан ажратиб оламиз». Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида яшовчи Сижо қаерга боришни билмаётган россияликларни излаб қаторасига уч кундан бери кўчага чиқмоқда.

Ғарбий Қозоғистондаги 200 минг аҳолига эга Уральск шаҳри Россиянинг Европа қисмидан қочаётганлар учун асосий транзит нуқтасига айланди. Сафарбарликнинг дастлабки уч кунида бу ерга деярли 17 минг россиялик ўтди – бу мамлакатни тарк этаётганларнинг тахминан 20 фоизи.

Сижо Уральскда «Арена» компьютер клуби эгаси бўлиб, ҳар куни у ерда сафарбарликдан қочган қирққа яқин одам тунаб қолади.

«Одамлар 30-40 километр масофани пиёда босиб ўтишган, тушкун кайфиятда, ҳеч нарсага кучи қолмаган. Бу жойда бепул вай-фай бор, қариндошларга қўнғироқ қилиш, квартира излаш мумкин. Администраторлар уларни ўз ҳисобидан сомса билан меҳмон қилишади», дейди у.

Кунига ўн минглаб россияликлар мамлакатни тарк этмоқда. Асосий маълумотлар

«Қандай қилиб ёрдам бермаслик мумкин? Раҳмим келяпти»

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги чегара қарийб саккиз минг километрга чўзилган. Уни бир неча ўнлаб пунктларда кесиб ўтиш мумкин. Уларнинг кўпчилигида бир неча километр узунликдаги навбатлар пайдо бўлди, одамлар унда суткалаб кутишга мажбур.

«Бу жой – дашт, бу ерда ҳеч нарса йўқ. Ҳожатхона, скамейка, девор, бекат, умуман ҳеч нарса йўқ. Шунчаки даланинг ўртасида турасиз. Доим шамол эсади», дейди дизайнер Григорий.

У рафиқаси билан «Вишнёвка» назорат-ўтказиш пунктида ўттиз соатдан ортиқ вақт навбатда турганидан сўнг Қозоғистонга киришга муваффақ бўлди. «Тун тушгач, тартибсизлик бошланди. Ҳеч ким навбатсиз олдинга ўтиб кетмаслиги учун йўл четида галма-гал ухлаб олдик. Одамларга раҳмат, кўрпасини бериб туришди, акс ҳолда музлаб қолардик», дейди у.

Уральскда Россиядан келганларга маҳаллий кинотеатр ва компьютер клубларидан бошпана берилмоқда

Уральскдаги компьютер клуби эгаси Сижо «ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан доимий алоқада». Улар Сижога қўнғироқ қилишади, жой бор ёки йўқлигини сўрашади ва россияликларни олиб келишади. «Ўзим ҳам тонгги соат 6 да вокзалга бориб, 20 кишини олиб келдим», дейди у.