Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
57,5 миллион долларлик харид. «Тошшаҳартрансхизмат» қаердан ва қанчадан автобус сотиб олмоқда?
30 сентябрь куни «Тошшаҳартрансхизмат» 2022 йил охиригача пойтахтга янги 275 та автобус келтирилишини маълум қилди. Kun.uz мухбири бу автобусларнинг нархи ва молиялаштириш манбалари юзасидан ташкилот матбуот хизмати билан боғланди.
Маълум қилинишича, қарийб 633 миллиард сўмлик автобуслар «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги Самарқандда жойлашган 2 та қўшма корхонадан сотиб олинмоқда.
Хусусан, «MAN A22 CNG» русумли 190 та катта сиғимли автобусларнинг ҳар бири ҚҚС билан ҳисоблаганда 2 миллиард 901 миллион 600 минг сўмдан харид қилинмоқда. «Uz Truck and Bus Motors» МЧЖ ҚКдан харид қилинаётган автобусларнинг жами қиймати 551 миллиард 304 миллион сўмга тенг.
Ушбу автобусларнинг заводдаги нархи 2 миллиард 775 миллион сўмдан ошиқроқ кўрсатилган. Компания колл-маркази ходими ушбу нарх ҳозир амалда эмаслиги, янгиланаётганини маълум қилди.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ харид қилаётган яна бир маҳсулот – 85 дона ўрта сиғимли «SAZ LE 60» русумли автобусларнинг ҳар бири ҚҚС билан ҳисоблаганда 950 миллион 540 минг сўмдан тушмоқда. «Самарқанд Автомобиль Заводи» МЧЖ ҚКдан харид қилинаётган автобусларнинг жами қиймати 80 миллиард 795 миллион сўмдан ошади.
«SamAuto» компанияси колл-маркази маълумотлари кўра, айни вақтда ушбу автобусларнинг донаси 1 миллиард 20 миллион сўмдан сотувда мавжуд.
Ташкилот матбуот хизматига кўра, 632 миллиард 99 миллион сўмлик жами 275 та автобус Тошкентда жамоат транспорти тизимини яхшилашга доир президент қарори асосида «Ўзмиллийбанк»нинг кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинмоқда. Бу маблағ – 3 октябрдаги Марказий банк курсига кўра, 57,5 миллион АҚШ долларидан ошади.
«Тошшаҳартрансхизмат»нинг маълум қилишича, «MAN A22 CNG» русумли автобусларни шартнома асосида етказиб бераётган «TRUCK AND BUS TRADE GROUP» МЧЖ эса «Uz Truck and Bus Motors» МЧЖ ҚКнинг дилери ҳисобланади.
Мавзуга оид
10:25
Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш бўйича ДХШ битими имзоланди
11:35 / 17.06.2026
Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторига кирди
16:28 / 13.06.2026
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчи иккинчи ҳайдовчига таёқ билан ҳужум қилди
20:06 / 10.06.2026