Жаҳон | 12:42 / 04.10.2022
43391
6 дақиқада ўқилади

Маск Украинадаги урушни якунлаш бўйича «тинчлик режаси» таклиф қилди. Киевдагилар кескин реакция қилди

У ядро уруши эҳтимолини истисно этмаган ва Қримни Россияники деб атаган.

Фото: Reuters

Дунёнинг энг бадавлат кишиси, Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маск твиттердаги саҳифасида Украинадаги можаро оқибатларининг эҳтимолий оқибатларидан бири ядро уруши бўлиши мумкинлигини ёзди.

Маск урушни тўхтатишга ёрдам бериши мумкин бўлган ўз «тинчлик режаси»ни таклиф қилди. У тўрт банддан иборат:

  • аннексия қилинган ҳудудларда БМТ кузатуви остида такрорий референдумлар ўтказиш (агар халқ иродаси талаб қилса, Россия кетади);
  • Қрим расман Россиянинг таркибий қисмига айланади (Маскнинг ҳисоблашича, «1783 йилдан буён Хрушчевнинг хатосига қадар шундай бўлган»);
  • Қримга сув етказиб берилишини таъминлаш;
  • Украина бетараф давлат бўлиб қолади.

Маскнинг эътироф этишича, «охир-оқибат натижа айнан шундай бўлиши эҳтимоли юқори - ягона савол унга қадар яна қанча одам ҳалок бўлишида».

Шу билан бирга бизнесмен ўз «таклифлари» остида «ҳа» ёки «йўқ» вариантларини белгилаш имконини қолдирган.

4 октябр ҳолатига кўра, бу сўровномада Twitter'нинг 2,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси қатнашган. Уларнинг 60 фоиздан ортиғи тадбиркор таклиф қилган режага қарши овоз берган.

Яна бир твитда Маск қўшимча қилади: «Шунингдек, бу можаронинг мумкин бўлган, аммо эҳтимоли кам бўлган оқибатларидан бири ядровий уруш бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлаш жоиз».

Шундан кўп ўтмай Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк твиттерда уруш якунланиши бўйича ўз режасини келтирди, у ҳам твити остида овоз бериш имкониятини қолдирган.

Подоляк «энг яхши таклиф» деб атаган режа уч банддан иборат бўлиб, шундай кўринишда: Украина ўз ҳудудларини, жумладан аннексия қилинган Қримни ҳам озод этади; Россия «демилитаризация ва мажбурий денуклеаризациядан ўтмоқда ҳамда энди бошқаларга таҳдид қила олмайди»; ҳарбий жиноятчилар халқаро трибуналга тортилади.

Украина ҳукумати мамлакат ҳудудларини расман аннексия қилишга уринишдан кейин бир неча бор Россиянинг ҳозирги президенти Владимир Путин билан музокара олиб борилмаслигини маълум қилди. Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ҳам Украина ҳудудий яхлитлиги борасида ҳеч қандай муросага ўрин йўқлигини билдиришган.

Уруш вақтида Маск Украина ҳукуматига ёрдам бериб келмоқда, хусусан уларга Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимлари етказиб берди, Ғарбдаги журналистлар ёзишича, бошқа алоқа воситалари ишламаган чоғда бу тизимлар ҳарбий ҳаракатлар шароитида муҳим рол ўйнаган.

Бу тизим юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имконини беради ва Украина армиясига, жумладан, артиллерия зарбаларини мувофиқлаштириш ва дронларни бошқариш имконини тақдим этади.

Маскнинг таклифидан кейин минглаб фойдаланувчилар ўз эътирозларини билдиришди, жумладан Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица ҳамда яқингача Украинанинг Германиядаги элчиси сифатида ишлаган ва ҳозирда Украина ТИВ вакили бўлган дипломат Ондрий Мелник ҳам кескин твитлар қолдиришди. Мелник Маскнинг твитига инглиз тилида сўкиниб жавоб қайтарган.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестович эса ўз услубида ҳазил қилди.

Фойдаланувчилардан бирининг у ўз твитлари билан кўплаб украинларни ўзига қарши қилиб қўйгани ҳақидаги гапига жавобан Маск шундай ёзган: «Сиз мени машҳур бўлиш учун шундай йўл тутди деб ўйлаяпсизми? Бундан бошқа ишим йўқдек. Аммо мен миллионлаб одамлар деярли бир хил натижа учун беҳуда ўлим топмаслиги ҳақида қайғуряпман».

Яна бир твитида у Украинани қўллаб-қувватлаш учун 80 миллион доллар сарфлагани, Россия учун эса бир цент ҳам сарфламаганини иддао қилади.

Можароли твит фонида Украина президенти ҳам бир твит қолдирди. Володимир Зеленский Twitter'даги саҳифасида «Сизга қайси Илон Маск кўпроқ ёқади?» сўровномасини бошлади. Жавоб вариантлари - «Украинани қўллаб-қувватлайдиган» ва «Россияни қўллаб-қувватлайдиган».

4 октябр ҳолатига кўра, унинг сўровномасида қарийб 1,9 млн фойдаланувчи қатнашган, шундан 80 фоиздан ортиқ киши Украинани қўллаб-қувватлайдиган Маск варианти учун овоз берган.

Маскнинг серияли твитларига Литва президенти Гитанас Науседа ҳам реакция қилди.

«Донбасс ва Қрим аҳолиси Россия ёки Украина таркибида бўлишни ўзи ҳал қилиши» бўйича сўровга жавобан Науседа шундай ёзган: «Ҳурматли Илон Маск, агар кимдир сизнинг Tesla’нинг ғилдиракларини ўғрилашга ҳаракат қилса, бу уни на ғилдиракларнинг ва на Tesla’нинг қонуний эгаси қилиб қўяди. У ҳатто ғилдираклар ва Tesla унга овоз берганини даъво қилса ҳам».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид