16:00 / 04.10.2022
6021

Ўзбекистон ва Венгрия бизнес-форумида иқтисодий-инвестициявий шартномалар имзоланди

Фото: Савдо-саноат палатаси

3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи арафасида Будапешт шаҳрида ўзбек-венгер бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Форумнинг барча тадбирлари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто иштирок этди.

Тадбирни очиб берар экан, Петер Сийярто икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги ижобий динамикани ва Венгрия ҳукумати икки мамлакат учун устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни изчил кенгайтириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаётганини қайд этди ҳамда Венгрия бизнес вакилларини ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга чақирди.

Форум давомида венгер компанияларига инвестициявий имкониятлар, жумладан, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, электроника ва электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик, кимё ва қурилиш саноати соҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистонга GSP+ бенефициар мақоми берилгани туфайли Европа Иттифоқи ҳамда МДҲ бозорларига имтиёзли чиқиш имкониятларидан фойдаланиб самарали саноат кооперацияси занжирларини яратиш истиқболлари венгриялик ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бизнес-форум доирасида Ўзбекистон ва Венгриянинг вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, банклари ва етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “G2B” va “B2B” форматидаги учрашувлар ҳам ташкил этилиб, улар давомида иштирокчилар қўшма корхоналар яратиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш борасидаги масалаларни атрофлича ишлаб чиқишга муваффақ бўлдилар.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб берувчи қатор икки томонлама ҳужжатлар, инвестиция битимлари ва экспорт шартномалари имзоланди.

Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати Ⓣ

Top