Ўзбекистон | 09:13 / 04.10.2022
10777
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Халқаро глобал инновацион индексда тўрт поғонага кўтарилди

2022 йил учун Халқаро глобал инновацион индекс рейтинги натижалари эълон қилинди.

Ўзбекистон рейтингда ўтган йилги кўрсаткични 4 поғонага яхшилаб, 132 давлат орасида 82-ўринда қайд этилди. Ўзбекистон 2015 йилда 141 та давлат орасида 122-ўринни, узоқ танаффусдан кейин, яъни 2020 йилда 131 та давлат орасида 29 поғонага юқорилаб, 93-ўрин билан ушбу рейтингга қайтган.

Жорий йилда эса, бу рейтингда умумий 4 поғонага кўтарилиб, «Инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитлар» бўйича 7 поғона кўтарилиб 68-ўринда, «Инновацияларни жорий этишда эришилган амалий натижалар» бўйича 9 поғонага юқорилаб 91-ўриндан жой олди.

Индексда мамлакатлар 4 та даромад гуруҳига бўлинган (юқори даромад, юқори ўрта даромад, қуйи даромад ва паст даромад), Ўзбекистон ўз гуруҳида 36 та давлат ичида 10-ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон «Илм-фан ва муҳандислик соҳасида битирувчилар сони» бўйича 6-ўрин, «Капитални ялпи тарзда тўплаш»  бўйича  6-ўрин, «Меҳнат унумдорлигини ўсиши» бўйича  7-ўрин, «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати» бўйича 22-ўрин, «Кластерларнинг ривожлангани» бўйича 27-ўринда. Мамлакат «Олий маълумотли аёлларнинг иш билан таъминланганлиги» кўрсаткичи бўйича илк бор 56-ўринда қайд этилди.

Глобал инновацион индекс – АҚШ Корнел университети, Франция Insead бизнес мактаби ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган давлатлар инновацион ривожланиши даражасини баҳоловчи тадқиқот.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид