Жаҳон | 20:01 / 04.10.2022
18907
4 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея ракетаси Япония устидан учиб ўтди

Шимолий Корея отган баллистик ракета Япония ҳудуди устидан учиб ўтди. Таҳлилчилар фикрича, бу Токио ва Вашингтоннинг эътиборини тортиш учун қасддан қилинган ҳаракатдир.

Фото: Getty Images

Баллистик ракета 4500 километрга яқин масофани босиб ўтди ва Тинч океанига қулади. Агарда у бошқа йўналиш бўйлаб учганида Американинг Гуам оролигача етиб бора оларди. 

Бу Шимолий Кореянинг 2017 йилдан буён Япония устидан учирган биринчи ракетасидир.

Япония ҳукумати аҳолини огоҳлантирди, айримларга бошпаналарга яшириниш тавсия қилинди.

БМТ резолюцияларида Пхенянга баллистик ракета ва ядро қуроли синовини ўтказиш тақиқланган. Бошқа мамлакатларга қарата ёки уларнинг ҳудудлари устидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ёки маслаҳатлашувларсиз ракета учириш ҳам халқаро меъёрларга зид. 

Аксарият мамлакатлар бундай парвозларни асло амалга оширмайди, чунки бу ҳужум деб қабул қилиниши мумкин. 

Хабарларга кўра, Ҳоккайдо ороли ва Аомори шаҳри аҳолиси сиреналар товушидан уйғониб кетди ва қуйидаги мазмунда матнли хабар олди: «Шимолий Корея ракета учирди. Илтимос, эвакуация қилинг ёки ертўлаларга тушинг».

Ракета Япония узра парвоз қилаётган вақтда фуқароларга унинг парчалари тушиши эҳтимолига тайёр туриш тавсия қилинди. 

Кейинроқ расмий шахслар ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракета Тинч океанига тушганини билдирди.

Ракета Шимолий Кореянинг аввалги барча ракеталаридан узоқроқ масофага учди ва қарийб 1000 км баландликка кўтарилди – бу Халқаро космик станция орбитасидан баландроқ. 

Япония бош вазири Фумио Кисида ушбу парвозни «тажовузкорона ҳаракат» деб атади, мудофаа вазири Ясуказу Ҳамада Япония ўз мудофаасини кучайтиришдан, жумладан, қарши ҳужум эҳтимолидан бошқа вариантни кўрмаётганини айтди.

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши вакили Эдриенн Уотсон бу ҳолатни «минтақани беқарорлаштирган хавфли ва нооқилона қарор» деб баҳолади.

Япония, АҚШ ва Жанубий Корея биргаликда КХДРдан келадиган хавфга жавоб сифатида мудофаани мустаҳкамлаш устида ишламоқда. 

Ўтган ҳафтада уч мамлакат 2017 йилдан бери илк марта қўшма ҳарбий-денгиз машғулотларини ўтказди. Бундай машғулотлар анчадан буён Ким Чен Иннинг норозилигига сабаб бўлиб келади. У буни душманларининг урушга тайёрланишига далил деб ҳисоблайди. 

2017 йилдаги машғулотлардан сўнг Пхенян жавоб сифатида Япония устидан иккита ракета учирган, бир ҳафтадан кейин эса ядровий синовни ўтказганди. 

Разведка маълумотларига кўра, Шимолий Корея яна бир ядровий синовни ўтказишга тайёрланмоқда. 

Таҳлилчилар тахмин қилишича, Пхеняндагилар Шимолий Кореянинг асосий иттифоқчиси – Хитой коммунистик партиясининг ой охирида Пекинда бўлиб ўтадиган қурултойи якунига етишини кутмоқда. 

Аммо айрим экспертлар янги синов кутилганидан олдинроқ ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги саволни бермоқда – улар сешанба кунги парвоз Шимолий Корея ядровий синовлар учун замин тайёрлаётганидан дарак беради деб ҳисобламоқда. 

Бу Шимолий Корея ракеталарининг бир ҳафта ичида бешинчи марта учирилиши. Шанба куни иккита ракета Япония иқтисодий ҳудуди ташқарисига тушганди. 

Қоидага кўра, Шимолий Корея ракеталари қўшни мамлакатлар ҳудудидан баланд ва узоққа кетадиган йўналишда ҳаракатланади. 

Аммо баллистик ракетанинг Япония ороллари устидан учиб ўтиши Шимолий Корея олимларига ҳарбий ҳаракатлар вақтидагига ўхшаш шароитларда синовлар ўтказиш имконини беради, деди таҳлилчи Анкит Панда.

Сентябрда Шимолий Корея ядровий давлат деб эълон қилинди, КХДР раҳбари Ким Чен Ин эса денуклеаризация борасида музокаралар ўтказилмаслигини айтди. 

Пхенян 2016 йилдан 2017 йилгача олтита ядровий синов ўтказган, бунинг учун кенг миқёсдаги санкциялар остида қолган.

Аммо Ким Чен Ин ядровий ва ракета синовларига қўйилган тақиқларни рад этиб келади. Унинг таъкидлашича, синовлар мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун зарур.

Мавзуга оид